Давлат тили тўғрисидаги Қонун мазмун моҳияти
Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ Президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих сахифаларидан жой олган бўлармиди?!. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.
Истиқлол йилларида она тилимиз халқимизда ўзгача бир фахр ҳиссини уйғотиб юксаклик марраларига сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.
“Давлат тили тўғрисида”ги қонун бошқа миллат ва элатларининг тилларига нисбатан ҳам ҳурмат ва эътиборда бўлишга, бағрикенглик тамойилларига даъват этади: “Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди”.
Инсон ўз она тилига қандай муносабатда бўлса, бошқа тилларга ҳам шундай муносабатда бўлишга чақиради.
Миллатнинг маънавий бойлиги тилдир. У нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маданияти , урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
26.01.2021
15:26