Стевия доривор ўсимлигининг хусусиятлари қанақа ва бу ўсимликни юртимизда етиштириш мумкинми?
Ўзбекистон Республикасида фармацевтика саноати, озиқ-овқат саноатининг жадаллик билан ривожланиши доривор ўсимликлар хом ашёсига бўлган талабни кескин ортишига сабаб бўлмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар захираларининг чегараланганлиги туфайли фармацевтика саноати ва озиқ-овқат саноати корхоналарнинг доривор ўсимликлар хом ашёсига бўлган талабини, асосан, доривор ўсимликларни ўстириш орқалигина қондириш мумкин.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда фармацевтика саноати ва дорихоналарни ўсимликлар хом ашёси билан таъминлаш мақсадида, ихтисослашган кластер, фермер, ўрмон ва бошқа мулкчилик шаклидаги хўжаликларида доривор ўсимлик турлари ўстирилмоқда.
Республика Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Доривор ва зиравор ўсимлик етиштирувчиларни қўллаб-қуватлаш бўлими мутахассислари стевия доривор ўсимлигининг хусусиятлари, стевия етиштириш бўйича эришилган ютуқлар ва келажакдаги режалар тўғрисида “Робия Юсро Солиха” МЧЖ рахбари Абдуллаев Рахматулла билан сухбатлашди.
Стевия доривор ўсимлигининг хусусиятлари қанақа ва бу ўсимликни юртимизда етиштириш мумкинми?
Стевия ўсимлиги Ўзбекистонга ҳаваскор ботаниклар томонидан олиб келинган. Баргларининг таркибида ширин таъм берувчи дитерпеноид (стевиозид) гликозиди мавжуд. Стевиозид моддаси 0,4 % ли сахароза эритмасидан 300 баробар, 10 % ли шакар эритамасидан эса 150 баробар ширинроқдир. Бундан ташқари, таркибида флавоноидлар (кверцетин, рутин), минерал моддалар – (кальций, фосфор, калий, рух, темир, хром, магний, селен, мис, марганец, кобальт), ҳамда витаминлар (В гуруҳи, А, С, Е ва. ҳ.к.) мавжуд.
Шунингдек, у ўта шифобахш ҳамдир. Яъни унинг ширинлик даражаси юқори бўлса-да, қандли диабет билан хасталанган беморларнинг ширинликка бўлган чанқоғини қондиришда қўл келади. Ваҳолонки, бундай беморларга ширинлик мумкин эмас. Ўзига хос парадоксни қарангки, стевия ширинлиги бунга халақит бермайди. Стевия қондаги қанд (шакар) миқдорини назорат қилади ва инсулин гармони фаолиятига кўмаклашиб, организмни қанд билан таъминлашда катта аҳамият касб этади. Стевия ўсимлиги таркибидаги биологик фаол модда - гликозид (стевиозид) организимда табиий озуқа ўрнини босувчи воситалардан биридир. Шунингдек стевия маҳсулотлари, қандли диабет, организмда ортиқча ёғларни тўпланиши ҳамда метаболик жараёнларни бузилиши билан боғлиқ бўлган касалликларда қўлланилади. Қолаверса, у инсон иммунитетини оширади. Стевия ўсимлиги организмга умумий қувват ва мустаҳкамловчи сифатида таъсир этади. Ўсимликнинг таркибидаги моддалар тишларда ёғ ва бошқа моддалар тўпланишига йўл қўймайди. Бу эса тиш эмалини микроблар томонидан емирилишини олдини олади. Бундан ташқари гипотензив (қон босимни пасайтиради), кардиотоник, антибактериал, антифунгал, антивирал, диуретик, тоник ҳамда яраларни даволашда самарали восита сифатида қўлланилади.
Қон босимини меъёрлаштиради. Антиаллергин, антисептик ва антиоксидантлик таъсири бор. Асосийси, истеъмолда меъёри чексиз. Инсон организми учун салбий таъсири кузатилмайди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан дамлама сифатида тавсия қилинган.
Корхона фаолияти нимадан иборат ва қандай натижаларга эришган?
Корхонамиз ходимлари ушбу ўсимликни республикамизда етиштириш учун маҳаллийлаштирди ва стевия доривор ўсимлиги устида илмий ишлар олиб борди. Бугунги кунда ушбу ўсимликни ўстириш, қайта ишлаш технологияси ишлаб чиқилди. Корхонамизда стевия ўсимлигининг кўчатчилиги ҳам йўлга қўйилган. Маҳаллий тадбиркор етиштирувчиларга яқиндан амалий ва услубий кўмак кўрсатиб келмоқдамиз.
Ҳозирги вақтда ушбу доривор ўсимликнинг бозордаги талаби ва нархи қанақа?
Стевия ўсимлиги махсулотларига талаб жуда ҳам юқори. Бу ўсимлик маҳсулоти нафақат фармацевтика саноатида шу билан бирга озиқ-овқат саноатида ҳам кенг қўлланилади. Бугунги кунда стевия ўсимлигининг қурутилган баргиниг бир килограми жаҳон бозорида 20-50 АҚШ доллардан баҳоланмоқда. Стевия кўп йиллик ўсимлик бўлиб, бир гектар ер майдонда ўсимликнинг 1 тонна баргини йиғиш мумкин.
02.02.2021
17:50