Ташқи савдо операцияларини молиялаштиришда замонавий банк хизматларига бағишланган вебинар бўлиб ўтди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан 2021 йил 4 февраль куни озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари учун ташқи иқтисодий фаолият операцияларида тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган замонавий молиялаштириш хизматларига бағишланган вебинар ташкил этилди.
Ушбу тадбирда 50 га яқин озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар иштирок этдилар.
Вебинарда ташқи савдони олиб боришда экспорт ва импорт операцияларини банк томонидан молиялаштиришнинг замонавий услублари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга таклиф этилди.
Бунда импорт операцияларида хорижий давлатлардан харид қилинадиган товарлар бўйича ишончли хорижий банклар билан ҳамкорликда товар харид қилишни молиялаштириш ва товарни Ўзбекистонга етиб келишини кафолатлашга қаратилган банк хизматлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари учун миллий маҳсулотларни хорижий бозорларга экспорт қилишда харидордан тўлов маблағларини қисқа муддатда тўлақонли туширишни таъминловчи банк хизматлари тўғрисида ҳам маълумот берилди.
04.02.2021
15:00