“Ҳалол” стандартини жорий этиш ва унга қўйиладиган талаблар бўйича онлайн муҳокама бўлиб ўтди
2021 йил 26 февраль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” билан ҳамкорликда “Ҳалол” стандартини паррандачилик корхоналарда жорий этишга бағишланган видеомулоқот бўлиб ўтди.
Онлайн видеомулоқотда 40 га яқин паррандачилик фаолияти билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркорлар иштирок этдилар.
Мазкур тадбирда “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” вакиллари томонидан “Ҳалол” стандартини амалиётга жорий этишнинг афзалликлари, паррандачилик маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун мазкур стандартни жорий қилиш орқали хорижий давлатларга экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш ва ушбу сертификатни олиш тартиби бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Шу билан бирга гўшт маҳсулотларига, хусусан парранда гўштига “Ҳалол” стандартининг жорий этилиши маҳаллий тадбиркорлик субъектлари учун янги экспорт бозорларига чиқишда кенг имкониятларни очиб бериши ҳақида ҳам таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида маҳаллий тадбиркорлик субъектлари миллий маҳсулотларни экспорт қилишда “Ҳалол” сертификатини жорий этиш бўйича ўзлари қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олдилар.
26.02.2021
17:41