Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 148 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш жараёни иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, қурилиш соҳасида назоратни кучайтириш ва сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ID-29664) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 2-банди 1-кичик банди учинчи хатбошига кўра, “Инспекцияда рўйхатдан ўтган объектлар бўйича тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ваколатли органни олдиндан хабардор қилмасдан бир кунлик муддатда текшириш ўтказиш ҳуқуқи берилсин”, - деб белгиланган.
Бунда, тадбиркорлик фаолиятида ўтказиладиган текширишларни ваколатли органни хабардор қилмасдан амалга ошириш назарда тутилган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 йилдаги
ПФ-5490-сонли Фармони 5-бандига кўра, “назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт;
Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади”.
Кўриниб турганидек, тадбиркорлик субъектида ўтказиладиган ҳар қандай текширишлар қонуний ҳисобланиши учун у Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт. Бунинг учун эса, текшириш ваколатли орган билан келишилган ҳолда ёки уни хабардор этиш орқали амалга оширилади.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишларнинг қонуний ва асосли бўлишини таъминлаш мақсадида, лойиҳа тадбиркорлик субъектларида текширувларни ўтказиш фақатгина Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинган ҳолда амалга оширилишини назарда тутиш лозим.
2. Лойиҳа 2-банди 2-кичик банди ўн биринчи хатбошига кўра, “Буюртмачи техник назорати, лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати, пудрат ташкилотининг ички назоратидан ҳамда Инспекция назоратидан норози бўлган тақдирда буюртмачига ушбу ҳаракатлар бўйича даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади”, - деб белгиланган.
Аввало, ушбу норма аниқ ифодаланмаган. Бунда, даъво ариза билан судга мурожаат қилиниши аниқ келтирилмаган. Яъни, лойиҳага мазкур нормани киритиш орқали тадбиркорлик субъектларига қандай янги ҳуқуқларнинг тақдим этилаётгани аниқ эмас.
Ваҳолангки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, “Тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, бошқа ташкилотларнинг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади”, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, лойиҳада янги ҳуқуқ берилиши шаклида келтирилган норма амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлиб, уни яна такрорлаш зарурати мавжуд эмас.
Шу боис, юқоридаги нормани қайта кўриб чиқиш, агар унда даъво ариза билан судга мурожаат қилиш мумкинлиги назарда тутилган бўлса, мазкур нормани лойиҳадан чиқариб ташлаш лозим.
3. Лойиҳа 4-банди иккинчи хатбошига кўра, “Инспекция ва унинг ҳудудий органларига қурилиш сифатини назорат қилиб боришда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича дастлаб кўрсатма бериш, кўрсатма асосида камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, жавобгарлик чораларини қўллаш ҳуқуқи берилсин”, - деб белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 1-қисмига кўра, лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу Кодекснинг 2682-моддасига кўра, “Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекциясининг мансабдор шахслари ушбу Кодекснинг 99 ва 178-моддаларида (истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга доир қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланганда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади”, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, таклиф этилаётган норма билан амалда тартибга солинган муносабатларни қайта тартибга солишга ҳаракат қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.08.2018 йилдаги
ПФ-5505-сонли Фармони 3-бандига кўра, “давлат органлари томонидан қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ташаббусига фақатгина ушбу органларнинг кўтарилаётган масалалар ёки муаммоларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган амалдаги нормалар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал қилиш ваколати бўлмаган тақдирда йўл қўйилади”, - деб белгиланган.
Шу боис, лойиҳа 4-моддаси иккинчи хатбошини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқдир.
4. Лойиҳа 4-банди бешинчи хатбошига кўра, “қурилиш ҳажми 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган объектларни қурилиш бошқармаси ёки туман (шаҳар) қурилиш бўлимларига келган ҳолда келишиш тўхтатилсин ва барча тоифадаги объектларни лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ЯИДХП ёки Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш йўлга қўйилсин”, - деб белгиланган.
Лойиҳада мазкур норманинг белгиланиши ҳам ортиқча кўринади.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сонли Фармони 10-бандига кўра:
2021 йил 1 январдан бошлаб лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич тўлиқ электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Яъни, бунда
Шу билан бирга айтиш лозимки, мазкур талабларни назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 4-банддан бешинчи хатбошини чиқариб ташлаш лозим.
5. Лойиҳа 6-банди биринчи хатбошига кўра, “Қурилиш объектидаги эскиз лойиҳаси, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда ижобий экспертиза хулосалари асосида қурилиш бошланган тақдирда, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мазкур қурилиш объектлари учун лойиҳаларни тўлиқ қайта экспертизадан ўтказилгандан ва ижобий экспертиза хулосаси олингандан сўнг амалга оширишга рухсат берилсин (қурилиши тўғридан-тўғри инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган объектлар бундан мустасно).”, - деб белгиланган.
Бундан кўринадики, мазкур талабни белгилашда тўғридан-тўғри ҳамда хорижий инвестицияларга асоссиз енгилликлар берилиши назарда тутилган.
Бу эса, амалиётда соҳадаги соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, маҳаллий қурувчи ташкилотлар фаолиятида асоссиз чекловларни келтириб чиқариши мумкин.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига кўра, Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши, айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шартлар (шароитлар) белгилаши тақиқланади.
Шу боис, лойиҳада барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг бўлган, адолатли талабларни белгилаш лозим.
6. Лойиҳа 9-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларига кўра, “Қурилиши режалаштирилаётган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларида “бошқа харажатлар” шаклида харажатларни кўрсатиш амалиёти тўхтатилсин. Бунинг ўрнига лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳар бир харажатни ва қурилишни амалга ошираётган жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдасини аниқ кўрсатиш йўлга қўйилсин.
Бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаси мулкчилик шаклидан ва молиялаштириш манбаидан қатъи назар лойиҳа-смета ҳужжатида акс эттирилган қурилиши режалаштирилаётган объект қийматининг камида ўн фоизи миқдорида белгилансин”, - деб белгиланган.
Бунда кўринадики, қурилиш соҳасида иқтисодиётни тартибга солишга, унда жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдасини аниқ кўрсатиб, белгилаб беришга ҳаракат қилинган.
Аммо, бу амалиётда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиб, режали иқтисодиётга қайтишга олиб келиши мумкин.
Ваҳолангки, тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятидан чекланмаган миқдорда фойда олишга, қанча миқдорда фойда олишни эса, ўзи мустақил равишда белгилашга ҳақлидир.
Юқоридаги норма эса, бугунги кунда иқтисодиётни эркинлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар талабига мутлақо зиддир.
Шу боис, 9-банддан учинчи хатбошини чиқариб ташлаш лозим.
03.03.2021
10:07