Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 148 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ID-29665) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 3-банди “б” кичик бандига кўра, “ноқонуний қурилиш объектини мажбурий буздириш бўйича далолатнома ижро ҳужжати ҳисобланади ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмасига мажбурий буздириш ҳамда аниқланган харажатлар айбдор шахсдан регресс тартибида ундириш чоралари кўрилади”, - деб белгиланган.
Фуқаролик кодекси 212-моддаси 3-қисмига кўра, Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Кўриниб турганидек, амалдаги қонунчиликка кўра, бундай қурилиш объектлари суднинг қарори асосидагина бузилиши мумкин.
Кадастр агентлиги туман (шаҳар) бўлинмасининг далолатномасини ижро ҳужжати этиб белгиланиши эса, амалиётда турли низоли ҳолатларнинг ҳам бир ёқлама ҳал этилишига, натижада мулк ҳуқуқининг асоссиз равишда бузилишига, мулкдорлар ҳуқуқларининг жиддий бузилишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, далолатноманинг ижро ҳужжати этиб белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳадан юқоридаги каби нормаларни чиқариб ташлаш зарур.
2. Лойиҳа 6-банди тўртинчи хатбошига кўра, “ерларни мониторинг қилиш, уларни хатловдан ўтказиш ва ўлчаш, шунингдек кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ва ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган ҳолда амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Мазкур нормада маъно умумий мазмунда кенг ёритилган. Яъни, ундаги айрим ҳолатларда текшириш элементлари мавжуд бўлиши ёки бўлмаслиги ҳам мумкин.
Мисол учун, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда текшириш аломатлари мавжуд бўлмайди. Текшириш аломатлари мавжуд бўлмаган процессуал ҳаракатлар эса, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган ҳолда амалга оширилади.
Бундан ташқари, ушбу нормада назарда тутилган мониторинг ўтказиш текшириш ёки текшириш эмаслиги аниқ эмас.
Агар юқоридаги нормада текширишлар назарда тутилган бўлса, унда бу норма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 йилдаги
ПФ-5490-сонли Фармони талабларига зид ҳисобланади. Унинг 5-бандига кўра, “назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт;
Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади”.
Кўриниб турганидек, бунда бирор истисно ҳолатлари назарда тутилмаган. Бир ёки бир неча текширувларнинг бу каби истисно қилиниши эса, мақсадга мувофиқ эмас.
Ўз-ўзидан келиб чиқадики, мазкур норма ортиқча, унда назарда тутилган муносабатлар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тўлиқ тартибга солиб бўлинган.
3. Лойиҳа 6-банди бешинчи хатбошига кўра, “бўш турган ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслардан ўтган йил даври учун ўрнатилган ер солиғи ставкасига нисбатан 5 карра миқдорда, муҳофаза зоналари ҳудудларида жойлашган ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслардан ўтган йил даври учун ўрнатилган ер солиғи ставкасига нисбатан 10 карра миқдорда ундирилади”, - деб белгиланган.
Солиқ кодекси 424-моддасига кўра, Юридик шахслар мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида фойдаланиладиган ер участкалари учун ер солиғи тўлайди.
Солиқ кодекси 433-моддасига кўра эса, мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этган ёки этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини солиқ тўловчилари деб эътироф этилади.
Кўриниб турганидек, ер солиғи тўловчилари мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ердан фойдаланиладиган жисмоний ва юридик шахслардир.
Бўш турган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахсларда эса, бундай ҳуқуқ мавжуд эмас ва улар ер солиғи субъектлари ҳисобланмайди.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.05.2020 йилдаги ПФ-5997-сонли Фармони 5-бандига кўра, жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилиши белгиланган.
Ушбулардан келиб чиқадики, юқоридаги нормада назарда тутилган янгича жавобгарлик чораларини белгилаш амалдаги қонунчилик талабларига мутлақо зиддир.
Шу сабабли, лойиҳадан мазкур хатбошини чиқариб ташлаш лозим.
4. Лойиҳа 6-банди еттинчи хатбошига кўра, “ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда тегишли рухсат берувчи ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан ушбу объектга кириш учун вақтинча чеклаш талабига бўйсунмаслик ёҳуд лентани бузиб ўтиш ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик этиб баҳоланади ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади”, - деб белгиланган.
Мазкур нормада ҳам янгича жавобгарлик чораларини белгилаш назарда тутилган.
Ушбу Хулоса 3-бандида келтирилган Фармон талабларини инобатга олган ҳолда, лойиҳадан ушбу хатбошини чиқариб ташлаш зарур.
5. Лойиҳада ер ресурсларидан фойдаланиш устидан назорат тизимини такомиллаштиришга урғу берилган.
Шу боис, лойиҳа номини қуйидагича ифодалаш тавсия этилади:
“Ерлардан фойдаланиш устидан давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”.
05.03.2021
13:17