Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 153 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситаларининг оғирлигини ва габаритини назорат қилишда хусусий секторни жалб этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони (ID-29648) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳа 1-иловаси 7-бандига кўра, “Тадбиркорлик субъектига бириктирилган жойда автомобиль йўлида реконструкция ишлари олиб борилган давр учун ижара шартномаси бўйича тўловлар ундирилмайди. Бунда назорат шохобчаларини демонтаж ва монтаж ишлари амалга оширилиши талаб этилган тақдирда бу билан боғлиқ барча ҳаражатлар тадбиркорлик субъекти ҳисобидан амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Бироқ, бунда тадбиркорлик субъектига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, демонтаж ёки монтаж ишлари амалга оширилишида барча харажатлар тадбиркорлик субъектларига юклатилиши назарда тутилган.
Бундай норманинг назарда тутилиши амалиётда тадбиркорлик субъектини икки карра оғир аҳволга солиб қўяди. Чунки, у ҳам аукцион орқали сотиб олган жойидан айрилиши ҳамда амалга ошириладиган демонтаж ишлари харажатини қоплашига тўғри келади.
Бу эса, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз молиявий харажатларни келтириб чиқаради.
Тадбиркорлик субъектларига бу каби бир ёқлама манфаатли бўлган талабларни юклаш мақсадга мувофиқ эмас.
Шу боис, юқоридаги нормада назорат шохобчаларини демонтаж ва монтаж ишлари амалга оширилиши талаб этилган тақдирда, бу билан боғлиқ барча ҳаражатлар Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳисобидан амалга оширилишини белгилаш лозим.
2.Лойиҳа 1-иловаси 8-бандига кўра, “Электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари назорат шохобчаларнинг жиҳозлари Қўмита томонидан белгиланадиган аниқ мезонлар ва техник талабларга мувофиқ ташкил этади”, - деб белгиланган.
Бироқ, мазкур лойиҳанинг ўзида стационар шохобчаларни ўрнатиш, улар дастурий-техник воситалари ва ахборот коммуникация тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, оғирлик ва габарит назорати бўйича автоматлаштирилган стационар шохобчаларга умумий Техник талаблар белгиланган.
Яъни, Қўмита томонидан белгиланиши назарда тутилган масалалар мазкур лойиҳанинг ўзида тартибга солинган. Шу боис, юқоридаги норма ортиқча кўринади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 1-иловаси 8-бандини чиқариб ташлаш лозим.
3.Лойиҳа 1-иловаси 19-банди биринчи хатбошига кўра, “Синов даврида нуқсонлар аниқланмаганда назорат шохобчаси Қўмита, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази, Давлат хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси вакилларидан иборат ишчи комиссия (кейинги ўринларда – Ишчи комиссия) ижобий ҳулосасига кўра далолатномага асосан фойдаланишга топширилади”, - деб белгиланган.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сонли Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар Концепциясининг II-боби 3-бандига кўра, “Тегишли ваколатларни аниқ давлат органларига ўтказиш ва уларга қабул қилинаётган қарорларнинг натижаси учун жавобгарликни юклаш орқали давлат-ҳокимият ваколатлари берилган идоралараро коллегиал органларни (комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар ва бошқалар) тубдан қисқартириш” белгиланган.
Шунингдек, назорат шаҳобчасини ишга туширишга рухсат беришни бундай Ишчи комиссияга топшириш ушбу соҳада бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг юзага келишига олиб келиши мумкин.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
28 августдаги “Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5527-сонли Фармони
4-бандига кўра, “Шундай тартиб белгилансинки, унга асосан қуйидагилар:
идоралараро коллегиал органларга давлат-ҳокимият ваколатларини бериш, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
амалий аҳамиятга эга бўлмаган, шунингдек, давлат бошқарувида, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг юзага келишига сабаб бўладиган идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш ва фаолият юритиши;
идоралараро коллегиал органларга давлат органлари вазифа ва функцияларининг ўрнини эгаллашга, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришиш учун жавобгарликнинг сусайишига олиб келувчи такрорловчи ва параллел функцияларни юклаш;
...” тақиқланади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, назорат шаҳобчасини синов натижаларидан сўнг ишга туширишга рухсат беришни алоҳида бир органга юклаш мақсадга мувофиқ.
4.Лойиҳа 1-иловаси 19-банди иккинчи хатбошига кўра, “Нуқсонлар аниқланганда тадбиркорлик субъектига уларни бартараф этиш учун Ишчи комиссия томонидан 10 кунлик муддат берилади. Белгиланган муддатда нуқсонлар бартараф этилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектига бириктирилган объектдан фойдаланиш ҳуқуқини суд тартибида бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади”, - деб белгиланган.
Бироқ, бунда нуқсонларни бартараф этиш учун жуда қисқа муддат берилиши назарда тутилган.
Тадбиркорлик субъектининг ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ҳам ушбу муддат ўтказиб юборилганда, бу объектдан фойдаланиш ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлиши мумкин.
Бундай ҳолларни инобатга олганда, муддатнинг бундай қисқа белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас.
Шу боис, лойиҳада юқоридаги муддатнинг камида 10 иш куни қилиб белгиланиши мумкинлигини назарда тутиш зарур.
5.Лойиҳа 1-иловаси 32-банди биринчи хатбошига кўра, “Назорат шохобчаси фаолияти билан боғлиқ шикоятлар кўплаб келиб тушганда, ахборот тизимига юбораётган маълумотларни хаққонийлиги юзасидан шубҳа туғилганда ёки беш кундан ортиқ маълумотлар юборилиши узилиши кузатилганда Ишчи комиссия назорат шохобчаси фаолиятини ўрганишни амалга оширади”, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, бундай ўрганиш мазмунан текширишларни назарда тутади.
Шу боис, унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 йилдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5490-сонли Фармони талабларини инобатга олиш лозим.
6.Лойиҳа 1-иловаси 39-бандига кўра, “Ахборот хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолатларда тадбиркорлик субъектига нисбатан унга бириктирилган объектдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этишгача бўлган чора қўлланилиши мумкин”, - деб белгиланган.
Бироқ, бунда объектдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ким томонидан амалга оширилиши аниқ келтирилмаган.
Бу эса, амалиётда объектдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этишни суд тартибисиз амалга оширилишига олиб келиши мумкин.
Аммо, бу юридик нуқтаи назардан тўғри бўлмайди.
Чунки, лойиҳа 1-иловаси 6-бандига кўра, бу объектлар тадбиркорлик субъектларига шартнома асосида бириктирилади. Юқоридаги ҳолат эса, ўз-ўзидан шартномани бекор қилинишини назарда тутади.
Фуқаролик кодекси 382-моддаси 2-қисмига кўра, иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса, тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан бекор қилиниши мумкин.
Қолаверса, лойиҳа 1-иловаси 19-банди 2-хатбошида ҳам белгиланган муддатда нуқсонлар бартараф этилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектига бириктирилган объектдан фойдаланиш ҳуқуқини суд тартибида бекор қилиш бўйича чоралар кўрилиши белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 1-иловаси 39-бандини қуйидаги таҳрирда баён қилиш тавсия этилади:
“Ахборот хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолатларда тадбиркорлик субъектига нисбатан унга бириктирилган объектдан фойдаланиш ҳуқуқини суд тартибида бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади”.
Шунингдек, юқоридаги нормада келтирилган “Ахборот хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари” айнан қандай ҳолатлар бўлиши мумкинлиги лойиҳада келтирилмаган.
Бу эса, исталган қоидабузарликни қўпол равишда бузиш деб топилишига олиб келиши, бу орқали эса коррупцион ҳолатларга йўл очиши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳа 1-иловасида қандай ҳолатлар “Ахборот хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари” эканлигини белгилаш мақсадга мувофиқ.
7.Лойиҳа 1-иловаси 41-банди иккинчи хатбошига кўра, “назорат шохобчаларининг ускуналари ва дастурий-техник воситаларини Ишчи комиссия томонидан техник талабларга мувофиқ харид қилиш” тадбиркорлик субъектининг мажбуриятларидан бири сифатида белгиланган.
Аввало, мазкур норма аниқ ифодаланмаган, ундаги маъно тўлиқ англашилмаган.
Бундан ташқари, мазкур Хулосанинг 2-бандида келтирилганидек, техник талаблар ушбу лойиҳанинг ўзида белгиланган.
Шу боис, юқоридаги нормани аниқ ифодалаш, ундаги техник талабларнинг Ишчи комиссия томонидан белгиланиши назарда тутувчи нормаларни чиқариб ташлаш лозим.
8.Лойиҳа 1-иловаси 41-банди учинчи хатбошига кўра, “назорат шохобчаси йилига 365 кун доимий ва узлуксиз режимда соз ҳолда ишлашини таъминлаш” тадбиркорлик субъектининг мажбуриятларидан бири сифатида белгиланган.
Бундай қатъий талаб (365 кун доимий ва узлуксиз режимда соз ҳолда ишлаш)ни белгилаш мантиқсиз кўринади. Чунки, тадбиркорлик субъектларига боғлиқ бўлмаган техник носозликлар келиб чиқиши, уларни бартараф этиш учун эса вақт талаб қилиниши табиий.
Шу боис, юқоридаги нормадан “йилига 365 кун” сўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
9.Лойиҳа 1-иловаси 41-банди тўртинчи хатбошига кўра, “назорат шохобчасида нуқсонлар аниқланганда зудлик билан Ишчи комиссия томонидан белгиланган муддатларда уни бартараф этиш бўйича барча зарурий чораларни кўриш” тадбиркорлик субъектининг мажбуриятларидан бири сифатида белгиланган.
Бунда, носозликларни бартараф этиш муддатларининг Ишчи комиссия томонидан белгиланишини назарда тутиш амалиётда бундай муддатларнинг турлича, шунингдек, носозликларни бартараф этиш учун имконсиз бўлган даражада қисқа қилиб белгиланишига олиб келиши мумкин.
Бу эса, тадбиркорлик субъектлари манфаатларига тўғридан-тўғри зид келади.
Шу боис, нуқсонларни бартараф этиш муддатларини мазкур лойиҳанинг ўзида келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир.
10.Лойиҳа 1-иловаси 41-банди еттинчи хатбошига кўра, “лойиҳа ижрочиси чет эл тадбиркорлик субъекти бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ фаолият юритиши” тадбиркорлик субъектининг мажбуриятларидан бири сифатида белгиланган.
Бироқ, бундай нормани белгилаш лойиҳа ижрочиси чет эл тадбиркорлик субъекти бўлмаган тақдирда эса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ фаолият юритиши шарт эмас, деган тушунчани пайдо бўлишига ҳам олиб келиши мумкин.
Шу боис, юқоридаги нормани мазмунан тўғри ифодалаш ёки уни чиқариб ташлаш тавсия этилади.
11.Лойиҳа 1-иловаси 41-банди саккизинчи хатбошига кўра, “назорат шаҳобчаси табиий офатдан зарар кўрганда уларни қоплаш тадбиркорлик субъекти ҳисобидан амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Аммо, бундай нормани белгилаш тадбиркорлик субъектига нисбатан камситувчи ва ортиқча молиявий харажатлар юкловчи талаб сифатида баҳоланиши лозим.
Қолаверса, бундай талабларни белгилаш ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини олиб боришда қулайликлар яратиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати ва ислоҳотларга мутлақо зиддир.
Шу сабабли, юқоридаги нормани лойиҳадан чиқариб ташлаган ҳолда, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, табиий офатлардан зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласини киритиш лозим.
12.Лойиҳа 1-иловаси 42-банди учинчи хатбошига кўра, “назорат шохобчасидан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш ҳамда қоидабузарликларни аниқлашда холисликни текшириш” Қўмита ҳуқуқларидан бири сифатида белгиланган.
Мазкур Хулоса 5-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, ушбу нормадаги “холисликни” сўзидан сўнг “қонунчиликда белгиланган тартибда” сўзларини киритиш лозим.
13.Лойиҳа 1-иловаси 43-банди тўртинчи хатбошига кўра, “ушбу Низомда белгиланган мажбуриятларини лозим даражада бажармаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатиш ёки бекор қилиш чораларини кўриш” Қўмита мажбуриятларидан бири сифатида белгиланган.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 42-моддасига кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш, тўхтатиб туриш ёки чеклаш каби таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилади.
Шу боис, мазкур нормадаги “фаолиятини” сўзидан сўнг “суд тартибида” сўзларини киритиш лозим.
14.Лойиҳа 2-иловаси номланишига кўра, “Оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойларнинг минимал қийматини (бошланғич нархини) белгилаш Тартиби” деб белгиланган бўлсада, аммо унда Оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати тасдиқланган.
Яъни, бунда мазкур минимал қийматни тўғридан-тўғри кўрсатиш эмас, балки уни белгилаш тартиби назарда тутилган бўлсада, аммо бундай тартиб келтирилмаган.
Шунингдек, унда келтирилган стационар шохобчалар ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати қандай асосларга кўра бундай қийматда белгиланганлиги асослантирилмаган.
Шу боис, ушбу минимал қийматлар қандай асосларга кўра белгиланганлигини асослантириш ҳамда мазкур 2-илова номини ундаги мазмунга мувофиқлаштириш лозим.
09.03.2021
09:41