Самарали жамоатчилик назорати - тадбиркорлар ҳуқуқлари химоясида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунларига асосан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилган.
Мазкур Низомга кўра, Палата ўз ваколатлари доирасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар қонуний, объектив ва шаффоф олиб борилиши, ушбу жараёнда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши, текширувлар фақат малакали, етарли иш стажига эга бўлган шахслар томонидан ўтказилишини таъминлаш мақсадида, Палатанинг Суд, ҳуқуқни мухофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш бошқармаси ходимлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширув ўтказишга ҳуқуқ берувчи махсус гувохнома олиш учун давлат органлари мансабдор шахсларини аттестациядан ўтказиш комиссиялар ишида фаолият кўрсатиб, жамоатчилик назоратини юритиб келмоқда.
Жорий йилнинг январь-февраль ойлари мобайнида 7 та назорат қилувчи органда шундай аттестациялар ўтказилди (ИИВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар агентлиги, Стандартлаш-тириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Транспорт вазирлиги “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ва Фуқаро авиацияси агентлиги, Агросаноат мажмуини назорат қилиш инспекцияси). Мазкур аттестациялардан ўтказилган жами 446 нафар ходимдан 356 нафари аттестациядан ўтган ва уларга махсус гувоҳнома беришга, 90 нафар ходим эса аттестациядан ўта олмаган ва уларга махсус гувохнома беришни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.
Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектлари ўтказиладиган текширувларда қатнашиш ва жараёнини мониторинг қилиб бориш мақсадида, Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари вакилларини таклиф этиши мумкин.
09.03.2021
16:29