2021 йил 11 март куни Яшнабод туманидаги “Texnopark” да Ўзбек-Қирғиз бизнес форуми ва Ўзбекистон-Қирғизистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида очиқ мулоқот платформаларини ташкил этиш ҳисобланади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Умрзаков, Қирғизистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Иқтисодиёт ва молия вазири У. Кармышаков, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти М.Шаршекеев ва масъул вазирлик ва идора вакиллари ҳамда ҳар икки мамлакатдан 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Умрзаков ўз нутқи билан тадбирни очиб берди. Бош вазир ўринбосари ўз нутқи давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожланиб бораётгани, сўнги йилларда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожланаётганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек бугунги бизне форум ҳам икки мамлакат ишбилармон доиралари учун кенг ва қулай имконият яратиб келгусида самарали натижаларга эришишда асос вазифасини ўташига ишонч билдирди.
Шундан сўнг, Қирғизистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Иқтисодиёт ва молия вазири У. Кармышаков сўзга чиқиб мутасадди вакилларга ўз миннатдорчилигини билдирган ҳолда ташкил этилаётган бизнес форум ва ишбилармонларп кенгашининг икки мамлакат учун аҳамияти ва келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши режаоаштирилаётган лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Икромов ҳам ўз нутқи давомида сўнгги йилларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини таъкидлади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ҳам мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, Палата раиси ҳар икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ҳудудлараро кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, саноат кооперациясини такомиллаштириш, товар ва хизматларнинг ўзаро савдоси учун қулай шароитларни таъминлаш бўйича ишларни давом эттиришлари зарурлигига эътибор қаратди.
Масъул вазирлик ва идоралар вакиллари Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти билан меҳмонларни таништириш мақсадида ўзларнинг тақдимот материаллари билан иштирок этишди.
Шу билан бирга форум давомида 20 дан ортиқ соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва ҳизматларини ҳамкорлик қилиш истагида бўлган тадбиркорларга намойиш этиб ҳамкорликнинг афзалликлари ва унинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашишди.
Ҳусусан қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм, логистика, ҳизмат кўрсатиш ҳамда текстиль соҳаларинг 10 дан ортиқ йўналишларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ўртасида қизғин музокаралар ўтказилиб, бир қатор ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланди.
Бундан ташқари, икки мамлакат ишбилармон доираларининг “B2B” ва форматидаги учрашувлари ташкил этилди.
Ташкил этилган очиқ мулоқотлар, истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ишлаб чиқишни ўз ичига олган ўзаро манфаатли йўналишларни аниқ белгилашга ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматини яратишга имкон берди.
Маълумот учун: 2020 йил якуни бўйича мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 903,1 миллион долларни ташкил этиб, экспорт ҳажми 756,6 миллион доллар, импорт ҳажми эса 146,5 миллион доллар ташкил этмоқда.
2021 йил 1 январ ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида қирғиз капитали иштирокидаги 183 корхона фаолият юритаётган бўлиб, шундан 104 таси қўшма корхона бўлса, 79 таси 100% хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир.
11.03.2021
16:39