Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Ширин шаҳрида йирик инвестиция лойиҳаларини кўздан кечирди.
Ўзбекистон Республикаси инвестиция сиёсати хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун янада қулай шарт-шароитларни таъминлаш, чет эллик инвесторларни ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг амалий механизмини барпо этиш, мана шу асосда мамлакатдаги инвестиция муҳитини янада яхшилашда МДҲ мамлакатлари қаторида етакчи ҳисобланади. Бу борада бугунги кунда ислоҳотлар амалга оширилиши давомий бўлиб келмоқда.
Давлатимиз томонидан соҳа ривожига оид қабул қилинаётган қатор норматив хужжатларнинг қонуний ижроси ҳамда жойларда инвесторларни қийнаб келаётган муаммоли масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш, ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлигини янада яхшилаш мақсадида жорий йилнинг 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари Галина Саидова Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Галина Саидова Ширин шаҳридаги йирик инвестиция лойиҳалари - "Wang Da Rolling Steel" МЧЖ, "Сирдарё ИЭС" АЖ, "Фарҳод ГЭС" УК ҳамда "Acwa Power Sirdarya" компанияларида инвестиция лойиҳалари асосида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Айни вақтда Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ҳисобланмиш ""Wang Da Rolling Steel" МЧЖ га қарашли металл қуюв заводида лойиҳани тўлиқ ишга тушириш учун 95 % ишлар тўлиқ якунланган ва тез орада лойиҳа тўлалигича ўз иш фаолиятини бошлайди.
"Сирдарё ИЭС" АЖ ҳамда "Фарҳод ГЭС" УК да амалга оширилаётган модернизация ишлари мос равишда 90 ҳамда 80 % якунланган. Ушбу модернизация жараёнлари тўлиқ якунланиши натижасида электр станцияларнинг ишлаб чиқариш самарадорлиги ошишига эришилади.
Шунингдек, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Саудия Арабистонининг "Acwa Power" компанияси томонидан амалга оширилаётган янги "буғ-газ" иссиқлик электр станциясидаги лойиҳалар билан ҳам танишди.
12.03.2021
17:41