Сен, миллат ғурурисан онам тилим.
Дарҳақиқат, жонажон тилимиз, шоир Миртемир айтганларидек ёшлигимизданоқ жон-у қулоғимизга сингиб кетган. Тарих гувоҳки, бир неча минг йиллардан буён она тилимиз ҳанузгача ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Оналаримиз айтган алла-ю, бобо-бувиларимиздан эшитган эртак ва афсоналар орқали юрагимиз тубига кириб борган ва ўз навбатида она тилимизга ва она Ватанимизга мухаббат уйғотган.
Ёзувчи ва шоирларимиз тилимиз ҳақида кўплаб пурмаъно ҳикматли сўзларни айтганлар ва тилни турлича таърифлаганлар. Абдулла Орипов ўзбек тили йўқолса, тўтига айланиб қолишини, Эркин Воҳидов она тилимиз ўлмаслигини бот-бот таъкидлайди. Расул Ҳамзатов эса она тилиси йўқолса, ҳатто ўлимга ҳам рози эканлигини қаламга олади. Она тилимиз ҳақида қанча сўзламайлик, унга мос бир гўзал қиёс топа олмаймиз.
Бундан 27 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих сахифаларидан жой олган бўлармиди?!.
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди.
Миллатнинг маънавий бойлиги тилдир. У нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маданияти , урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
15.03.2021
18:56