Ўзбекистон Республикасининг “Экологик аудит тўғрисида”ги Қонунининг мазмун ва моҳияти
Қонуннинг мақсади – экологик аудит соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонун 25-моддадан иборат.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, деб кўрсатилган.
Бу эса фуқароларнинг ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари, ҳайвонот, ўсимликлар дунёси ва бошқа табиий захиралардан оқилона фойдаланишини, уларни тиклаш ва муҳофаза қилишни ҳамда ушбу мажбуриятни ўз вақтида бажаришни тақозо этади.
Ушбу ҳолат экологик соҳага оид барча қонунларда ҳам аниқ тарзда ўз ифодасини топгани конституциявий талабларни янада мустаҳкамлайди.
Ушбу Қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилган.
экологик аудит - маҳсулот ишлаб чиқаришни амалга оширувчи ташкилотни ва бошқа фаолиятни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатлар ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш юзасидан экологик аудиторлик ташкилоти томонидан мустақил баҳолаш;
экологик аудитор - экологик аудиторнинг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;
экологик аудитнинг буюртмачиси – эколик аудит ўтказиш ташаббуси билан чиқувчи хўжалик юритувчи субъект, унинг мулкдори иштирокчилари ва акциядорлари;
экологик аудиторнинг малака сертификати – экологик аудиторнинг малакасини тасдиқловчи ва экологик аудиторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи хужжат;
экологик аудит объекти – экологик аудитнинг субъектининг атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган хўжалик ва бошқа фаолияти, шунингдек унинг атроф-муҳитни бошқариш тизими;
экологик аудит субъекти – маҳсулот ишлаб чиқаришни амалга оширувчи, ишларни бажарувчи ва хизматлар кўрсатувчи, ўзида экологик аудит ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъект ва бошқа ташкилотлар;
экологик аудиторлик ташкилоти – экологик аудиторлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс;
экологик аудит хулосаси – экологик аудит буюртмачисига йўлланган, ўтказилган экологик аудит жараёни, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатлар ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг аниқланган бузилишлари, ўтказилган лаборатория синовларининг натижалари тўғрисидаги батафсил маълумотларни ҳамда экологик аудит ўтказиш натижасида олинган бошқа ахборотни ўз ичига олган ҳужжат.
Экологик аудит экологик аудиторлик ташкилот ва буюртмачиси ўртасида тузиладиган шартнома асосида ўтказилади.
Экологик аудит ихтиёрий ёки мажбурий шаклда ўтказилади. Шунингдек, барча текширув якунлари бўйича умумлаштирилган ҳолда хулоса берилади.
Экологик аудиторлик хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома фақат экологик аудиторлик ташкилотининг фуқаролик жавобгарлиги суғурта полиси мавжуд бўлган тақдирда тузилади.
Экологик аудиторлик ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигида давлат рўйҳатидан ўтказилади.
Қуйидагиларга экологик аудит ўтказиш тақиқланади:
- экологик аудит субъектининг мансабдор шахслари билан яқин қариндошлик муносабатларида бўлган шахсга;
- экологик аудит субъектига нисбатан мулкий ёки шахсий номулкий манфаатлари бор шахсга;
- Давлат экология қўмитасининг мансабдор шахсларига;
- экологик аудит субъектининг ходимига.
Экологик аудиторларни тайёрлаш, шунингдек экологик аудиторнинг малака сертификатини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Экологик аудиторлик ташкилотларининг реестри экологик аудиторлик ташкилотларининг рўйҳатини ўз ичига олади ва Давлат экология қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга киради.
25.03.2021
17:27