Муаммолар ва уларнинг ечимларининг шарҳи: иқлим ўзгариши ва қишлоқ хўжалиги
Жорий йилнинг 23-25 март кунлари Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида қишлоқ хўжалиги соҳаси учун иқлим ўзгариши жиҳатлари акс эттирилган тавсиявий чораларни ишлаб чиқишга бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Учрашувда Савдо-саноат палатаси ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг ҳамкорлигида Россия Федарациясининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашиши ва барқарорлигини ошириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган бўлиб, унда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, карантин инспекцияси, гидрометеорология, агрокимё, фермер хўжаликлари ва бошқа вилоят ташкилотларларининг вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатлари мобайнида асосан иккита муҳим масала муҳокамага қуйилди- бу қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар ҳамда уларнинг муаян ечимлари.
Иштирокчилар асосий муаммолар сифатида сув танқислиги, касалликлар ва зараркунандаларнинг кўпайиши, уларнинг мутацияга учраши, мутацияга учрайдиган зараркунандаларнинг тарқалиши, тупроқ эрозияси, иқлим шароитига мослаштирилган кўчат навларининг етишмаслиги, ўсимликларни озиқлантиришда ва уларнинг ноқулай шароитларга чидамлилигини оширишда зарур бўлган ўғитларнинг сифати пастлиги ва бошқа шу каби муаммоларни мисол қилиб келтирдилар.
Юқорида қайд этилган муаммоларнинг ечими сифатида муқобил сув тежаш технологияларидан фойдаланиш, дренаж ва сув тозалаш тизимларини такомиллаштириш ва тозаланган сувни суғоришда қайта ишлатиш, экинларни нафақат салбий об-ҳаво шароити, балки кўплаб ресурсларини тежаб берувчи плёнка остига экиш усулларидан фойдаланиш таклифлари киритилди. Шунингдек, иштирокчилар наслчилик ва уруғчилик соҳасида, ўсимликларни муҳофаза қилишда малакали кадрлар етишмаслиги, қолаверса худудларда саноқли ходимлар эмас, балки ҳар бир худудда ўнлаб ва юзлаб одамлар кераклиги тўғрисидаги масалалрни ўртага ташлашди.
"Иқлим ўзгариши қайтариб бўлмайдиган жараён бўлиб, хозирда биз уни тўхтатишга қодир эмасмиз, лекин тупроқни мухофаза қиладиган технологияларни қўллаш, сув тежовчи суғориш тизимини татбиқ этиш ва у кўлланиладиган майдонларни кенгайтириш, алмашлаб экиш жараёнларига риоя қилиш, зараркунандаларга қарши биологик курашни жорий этиш ва бошқа шу каби чораларни қўллашимиз бизга иқлим ўзгариши хатарларини камайтира олишимиз ва уларга мослаша олишимизга имконият беради. "- дейди иштирокчилардан бири Алишер Раҳимов.
Умуман олганда, ҳар бир учрашув, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлиб, унда қишлоқ хўжалигини бошқариш органлари вакиллари ҳамда фермерлар билан тайёрланаётган қонун лойиҳалари, қишлоқ хўжалик соҳасига доир техник янгиликлар ва инноватсион ёндашувлар тўғрисида ҳам ма’лумотлар алмашилди.
01.04.2021
09:48