Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Наманган тадбиркорлар билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров Тўрақўрғон туманидаги “Маданият саройи” биносида наманганлик тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан учрашди.
Учрашувда вилоят ҳокими Шавкат Абдуразаков, республикадан келган тегишли вазирликлар, ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳам қатнашдилар. Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов олиб борди. Тадбиркорликни ривожлантиришда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш, асосан республика миқёсидаги идораларнинг тўғридан тўғри аралашувини талаб этадиган масалаларни ҳал қилиш мақсадида ўтказилган тадбирда 200 тадан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.
Бундан ташқари тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган рухсатномалар олиш, коммуникация тармоқларига уланиш, бўш турган бино ва иншоотлардан фойдаланиш, божхона тўловларида имтиёзлар олиш ва бошқа турли масалаларда Республика вазирликлари ва идоралари рухсати ва аралашуви талаб этиладиган мурожаатлар келиб тушди.
Мурожаатларнинг ижроси юзасидан тегишлилиги бўйича масъул мутасаддиларга аниқ вазифалар берилди. Қонуний жиҳатдан қаноатлантириш имконияти мавжуд бўлмаган мурожаатлар бўйича тадбиркорларга тушунчалар берилди ҳамда лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича амалий ёрдам берилишига келишилди.
02.04.2021
16:53