Ўзбекистон ва Миср ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
2021 йил 15 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон ва Миср ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган видеомулоқот ўтказилди.
Мулоқотда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Экспортга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Ғ.Усмонов ва Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси 2 котиби Ш.Якубов иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон ва Миср ўртасида ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини ошириш, Мисрда талаб юқори бўлган товарлар бўйича Ўзбекистон маҳсулотларининг имкониятларини ўрганиб чиқиш ва экспортни кенгайтириш истиқболларини янада ривожлантириш, бунда Ўзбекистон маҳсулотларини Миср бозорига кириб боришига имкониятлар яратиш, Мисрда республикамиз экспортерлари учун савдо уйларини очиш, миллий брендларни Мисрнинг салоҳиятли савдо компаниялари ва харидорлари ўртасида тарғиб қилиш бўйича маркетинг акциялари ва тақдимотларни ўтказиш масалалари муҳокама этилди.
Тадбир якунида Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ўртасида муҳокама этилган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда Ўзбекистон маҳсулотларини Мисрга экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда миллий брендларимизни Миср бозорига кириб бориши учун амалий чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.
15.04.2021
15:45