Ўзбекистон ва Болгария ҳамкорлиги
Жорий йилнинг 23-апрел куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ассотсиацияси - Бирлашган бизнес клублар (УБC) президенти Веселин Савов Галачев билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Ф. Усмонов, шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Экспортга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Ғ.Усмонов иштирок этди.
Тадбир давомида ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш, икки мамлакатга маҳаллий маҳсулотлар экспортини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томонидан Болгария Эвропа Иттифоқидаги Ўзбекистоннинг истиқболли савдо-иқтисодий шериги эканлиги, бугунги кунда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун барча шароитлар мавжудлиги таъкидланди.
Шунингдек, Болгария Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги устувор шериги деб билиши ҳамда, у билан дўстона ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратиши эътироф этилди.
Учрашув давомида Болгариядан келган меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий салоҳияти, шунингдек, истиқболли ҳамкорлик лойиҳалари билан танишдилар. Шунингдек, маҳмонлар Ўзбекистонда инвеститсия муҳити ва иқтисодий салоҳиятни яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан батафсил таништирилди.
Бундан ташқари, Болгарияликлар томонидан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ассотсиацияси - Бирлашган бизнес-клублар (УБC) фаолияти билан боғлиқ тақдимот ўтказилди.
Маълумот учун: Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича ассотсиация - Бирлашган бизнес-клублар (УБC) - бу Болгария шунингдек Хорватия, Македония, Руминия ва бошқа Европа давлатларининг 2000 дан ортиқ кичик ва ўрта корхоналарни бирлаштирувчи ташкилот.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника, кимё, чарм поябзал саноатида “Made in Uzbekistan" маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этиш ва ўтказишга шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорликни ташкил этишга келишишди.
Болгария томони Ўзбекистоннинг ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш, Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулотлар экспортини GSP+ тизими доирасида оширишда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Болгария ўртасида ҳамкорлик шартномасини имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида Болгария капитали иштирокида 27 корхона, шу жумладан 100 фоиз Болгария капитали иштирокидаги 4 корхона фаолият юритмоқда.
23.04.2021
12:32