Давлат хизматларини кўрсатиш - янги босқичда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги «Давлат хизматларини кўрсатишда агентлар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ВМҚ-221-сон Қарори имзонланди.
Мазкур Қарорга кўра, “Давлат хизматларини кўрсатишда табиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Унга кўра, агент – аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан бериладиган сертификатга эга бўлган, давлат хизматлари кўрсатиш ахборот тизими орқали ариза берувчиларнинг маълумот ва ҳужжатларини тегишли давлат органи ёки ташкилотига юбориш ҳамда хизмат натижасини ариза берувчига тақдим этиш фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг ходими тушунилади.
Сертификат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида аккредитациядан ўтган нодавлат таълим муассасалари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ўқув курслари якунларига кўра 3 йил муддатга берилади.
Тадбиркорлик субъекти ва унинг ходимлари сертификат олиши учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
- давлат хизматини кўрсатиш учун камида 15 м2 майдонга эга бўлган бино мавжудлиги;
- давлат хизматини кўрсатувчи ҳар бир ходим компьютер ва бошқа зарур ташкилий техника билан таъминланганлиги;
- камида 5 киши учун мўлжалланган кутиш ўриндиқлари мавжудлиги;
- банк ҳисобварағига эга бўлиши;
- назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатилганлиги.
Талабгорларни ўқитиш учун ўқув марказлари томонидан шартнома асосида ваколатли органнинг масъул ходимлари жалб этилиши мумкин.
Ўқув курсларида қатнашиш учун тўлов миқдори ўқув марказлари томонидан мустақил белгиланади. Бироқ, ушбу миқдор ҳар бир талабгор учун БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори) 5 бараваридан ошмаслиги лозим. Талабгорлар сертификат олиш учун малака имтиҳони топширади ва ушбу имтиҳон 2 ойда бир маротаба ўтказилади.
Мазкур имтиҳон тест кўринишида электрон шаклда ваколатли орган биносида ўтказилади. Тест синови 50 та саволдан иборат бўлади. Шунингдек,
талабгорга малака имтиҳонини топшириш учун 2 академик соат вақт берилади.
Тест саволларининг камида 35 тасига (70%) тўғри жавоб берган талабгор малака имтиҳонидан ўтган деб ҳисобланади.
Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорларга комиссиясининг банённомаси расмийлаштирилгандан бошлаб 3 иш куни ичида QR-код қўйилган сертификат берилади.
Қуйидагилар сертификатнинг амал қилишини тугатиш учун асос ҳисобланади:
- сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганлиги;
- сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида сертификат эгасининг аризаси тақдим этилганлиги;
- фаолиятини тугатган ёки тўхтатган тадбиркорлик субъектнинг аризаси тақдим этилганлиги;
- тадбиркорлик субъектини тугатиш ёки унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисида суд, назорат ёки рўйҳатга олиш органларидан ахборот олинганлиги;
- агент томонидан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан маъмурий регламентлар ва Низом талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисида ваколатли орган тақдимномасининг бажарилмаганлиги;
- сертификат эгасининг вафоти, шунингдек, уни белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этиш тўғрисидаги суднинг қарори ёхуд озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги суднинг ҳукми кучга кирганлиги;
- агент ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси бекор қилинганлиги.
Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарорнинг нусҳаси қарор қабул қилинган куннинг ўзида агентга юборилади.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Давлат хизмати агентлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда агентларнинг электрон реестри юритилади.
Мазкур Қарорга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида кўрсатилиши таъқиқланган 13 та давлат хизматлари рўйҳати тасдиқланди.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
26.04.2021
16:52