Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг 2021 йил I-чорак йиллик фаолияти якунлари сарҳисоби
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси 2021 йилнинг январь-март ойларидаги фаолият натижалари сарҳисоб қилинди. Палата ҳисобот даврида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5087-сон Фармонига мувофиқ ўзига юклатилган вазифалар ва берилган ваколатлардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб вазифалари ва асосий йўналишлари, хусусан, аҳолини тадбиркорлик фаоллигини янада ошириш ва уларнинг ўз бизнесини бошлашига тарғиб этиш, тадбиркорлик фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни ортиқча тўсиқларсиз ҳал этишга қаратилган бозор инфратузилмасини барқарор ишлашини мувофиқлаштирувчи амалий механизмларни яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Палатанинг 2021 йил I-чорак фаолият натижаларини йўналишлар кесимида ёритиб бориш тизимини инобатга олган ҳолда бугун Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ҳисобот даврида Палата раҳбарияти ўзининг асосий эътиборини тадбиркорлик субъектларини, айниқса ўз фаолиятини йўлга қўйиш даврида уларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофазасининг кафолатларини кучайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устувор роли ва дахлсизлигини таъминлаш борасида самарали тизим яратишга қаратди.
1.Энг аввало, ишбилармонлик муҳитига таъсир қилувчи асосий фактор бўлган тегишли қонунлар ва меъёрий-хуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ишлар амалга оширилди ҳамда уларнинг лойиҳалари бўйича жамоатчилик экспертизаси ўтказилди.
Республикамизда қабул қилиниши кўзда тутилаётган норматив-хуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисидаги хулосани бериш бўйича ваколатли орган сифатида жами 229 та, шундан қонун ҳужжатлари 28 та, Президент Фармон ва Қарорлари 55 та, Ҳукумат қарорлари 125 та ва бошқа 21 та меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича жамоатчилик экспертизаси ўтказилди.
Шундан, 177 та лойиҳалар бўйича тадбиркорлик фаолияти ривожига тўсқинлик қилувчи ёки чекловчи меъёрий-хуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни бекор қилиш зарурияти тўғрисида тавсиялар баён этилган хулосалар тайёрланди ҳамда қонунчилик ва ижро этиш ҳокимияти органларига тақдим этилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармалари фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори (ID-24046) лойихаси юзасидан лойиҳада назарда тутилган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан автомобилга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари томонидан автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газни охирги истеъмолчиларга реализация қилишда ёқилғи бирлиги учун 25 сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғим жорий этилиши ва туманлар (шаҳарлар) халқ депутатлари Кенгашлари томонидан транспорт воситаси двигателининг қувватидан келиб чиқиб, автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғим жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддаси 1-қисми 9-кичик банди ва 100-моддаси 4-хатбошиси ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддаси 1-қисми 8-хатбошига зид ҳисобланиши боис, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юқоридаги йиғимларнинг жорий этилишининг ҳуқуқий асослилиги масаласини яна бир бор қайта кўриб чиқиш лозимлиги тўғрисида ва бошқа бир қатор Хулосалар шулар жумласидандир.
2.Палата аъзолари манфаатида судларга жами5 трлн. 577 млрд. сўмдан ортиқ 75 699 та аризалар киритилган (2020 йилнинг мос даврига нисбатан 50 050 тага кўпдир).
Шу билан бирга, 471 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган низолар судгача низони ҳал этиш (медиация) жараёнида ҳал этилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг тегишли қарор ва ҳукмлари юзасидан келиб чиққан норозиликлар бўйича 6 та ҳолатда муаммоли масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида протест киритилиши тўғрисида илтимосномалар юборилган.
Шунингдек, давлат ташкилотларига нисбатан ҳамда улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар устидан 66 та ҳолатда судларга даъво аризаси киритилган бўлиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган.
3.Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг барча ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилган 15 та Ҳакамлик судлари фаолият кўрсатди. Ҳисобот даврида ҳакамлик судларига умумий қиймати 148,2 млрд. сўм миқдорида 1 246 та даъво аризалари келиб тушган.
Палата ва унинг барча ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари судьялари 10 дан ортиқ халқаро, республика ва ҳудудларда ўтказилган илмий-амалий тадбирларда, яъни конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувларда маърузалар билан иштирок этдилар.
Шу даврда оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар орқали 4 маротаба ҳакамлик судлари фаолияти ва ҳакамлик муҳокамаси афзалликларига оид мавзуларда мақолалар чоп этилган, ахборотлар жойлаштирилган, суҳбатлар уюштирилган.
1. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантиришга доир давлат дастурларини, шунингдек ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, Наманган вилоятининг Чуст тумани ва Фарғона вилоятининг Риштон туманида иштирок этилди.
2. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан 2021 йил биринчи чораги давомида жойларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида вужудга келаётган тизимли муаммолар, давлат органлари тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар даражасини ўрганиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида тадбиркорлар фикрини ўрганиш" мавзусида жамоатчилик сўровномаси ўтказилди ва натижалари таҳлил қилиниб, Палатанинг сайтига жойлаштирилди.
Сўровномада 1294 нафар тадбиркор иштирок этган, уларнинг
69,6 %ни эркаклар ва 30,4 %ни аёллар ташкил этади.
Шунингдек, таҳлиллар натижаси шуни кўрсатдики, тадбиркорлар томонидан давлат хизматларига энг кўп мурожаатлар тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш (27%) ва бизнес режалар тузиш (20%) йўналишлари бўйича қилинаётганлиги маълум бўлди. Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида самарадорликни ошириш учун сўровнома иштирокчилари томонидан қуйидаги таклифлар билдирилган:
- онлайн хизматлар сонини кўпайтириш;
- ер ажратилишида ҳали хам шаффофлик таъминланмагани ва ушбу соҳада аукцион ўтказишда соддароқ тизим ишлаб чиқиш;
- кадрларнинг саводхонлигини ошириш;
- тизимда шаффофликни таъминлаш;
- давлат хизматлари учун тўлов миқдорини камайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-4702-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Қарорнинг 5-бандида келтирилган ҳудудларни рейтинг баҳолаш учун аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказиш методологиясига асосан, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Савдо-саноат палатаси томонидан белгиланган график асосида ҳудудлар кесимида 3 187 нафар тадбиркорлик субъектлари орасида аноним сўровнома ўтказилган.
Сўровномалар Қорақалпоғистон Республикасининг 153 нафар, Андижон вилоятининг 263 нафар, Бухоро вилоятининг 213 нафар, Жиззах вилоятининг 141 нафар, Қашқадарё вилоятининг 196 нафар, Навоий вилоятининг 112 нафар, Наманган вилоятининг 209 нафар, Самарқанд вилоятининг 250 нафар, Сурхондарё вилоятининг 149 нафар, Сирдарё вилоятининг 100 нафар, Тошкент вилоятининг 311 нафар, Фарғона вилоятининг 292 нафар, Хоразм вилоятининг 153 нафар ва Тошкент шаҳрининг 645 нафар тадбиркорлик субъектлари ўртасида саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, савдо, ташиш ва сақлаш, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар, ахборот ва алоқа ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳозирги кунда Палата томонидан тадбиркорлик субъектларининг банклардан кредит олиш жараёнидаги муаммолари ва коррупция ҳолатини ўрганиш ҳамда унинг олдини олиш мақсадида “Тадбиркорларнинг банклардан кредит олишдаги муаммолари ва коррупция ҳолатини ўрганиш” мавзусида жамоатчилик сўровномаси ишлаб чиқилди ва ушбу сўровномани 2021 йилнинг апрель ойида тадбиркорлар ўртасида ўтказилиши режалаштирилган.
3.Жамоатчилик назоратининг яна бир шакли бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун ваколатли орган сифатида жамоатчилик экспертизасини ўтказишдир. Бу борада қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- жами 229 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари бўйича жамоатчилик экспертизаси ўтказилди. Шундан 177 та лойиҳа бўйича тадбиркорлик фаолияти ривожига тўсқинлик қилувчи ёки чекловчи норматив-хуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас эканлиги тўғрисидаги тавсиялар баён этилган ҳулосалар берилди.
Шу билан бирга, Палата ҳузурида ташкил этилган Экспертлар кенгаши йиғилишида онлайн шаклда тадбиркорлар иштирокида 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг “Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 2018 йил
7 ноябрдаги 920-сон Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 8-бандига асосан назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан 11 та давлат органида, хусусан ИИВ, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Агросаноат мажмуини назорат қилиш инспекцияси, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги, Қурилиш вазирлиги, Саноат ҳавфсизлиги давлат қўмитаси, Санитар-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида ўтказилган аттестацияларда Палата вакиллари иштирок этди.
Мазкур аттестацияларда назорат қилувчи органлар томонидан жами
719 нафар ходимлар иштирок этган. Шулардан 613 нафарига махсус гувоҳнома берилган, 104 нафарига махсус гувоҳнома бериш рад этилган.
5. Палата томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг яна бир шакли бу - давлат органларининг, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларнинг жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари фаолиятида мажбурий равишда иштирок этишдир. Ҳисобот даврида Палата ходимлари томонидан Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва давлат Статистика қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари фаолиятида иштирок этилди ҳамда жамоатчилик кенгашдарида кўтарилган масалалар ва белгиланган вазифалар бўйича ишлаш юзасидан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилди.
6. Бош прокуратура билан биргаликда “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини белгиловчи бошқа қонун ҳужжатлари микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва кредит бюролари (кейинги матнда – нобанк кредит ташкилотлари) ташкил этган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш борасида Марказий банк фаолияти юзасидан жамоатчилик назорати тартибида текшириш ўтказилди. Натижалари Бош прокуратурага юборилди.
27.04.2021
12:59