Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 325 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш соҳасида назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори (ID-40521) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 3-банди биринчи хатбошига кўра, “Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб инвестиция шартномалари ҳамда улушли иштирок тўғрисидаги шартномаларни мажбурий тартибда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг (кейинги ўринларда – Кадастр агентлиги) махсус электрон дастурий маҳсулотлари орқали рўйхатдан ўтказилсин”, - деб белгиланган.
Бунда, инвестиция шартномалари ҳамда улушли иштирок тўғрисидаги шартномаларни Кадастр агентлигида рўйхатдан ўтказиш мажбурий қилиб белгиланмоқда.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 майдаги
ПҚ-4732-сон қарори 2-бандига кўра, улуш киритиш асосида қурилиш учун маблағларни жалб қилиш қурувчи ва улушдор ўртасида тузилган ва белгиланган тартибда ҳисобга қўйилган шартномага мувофиқ амалга оширилади;
шартномаларни ҳисобга қўйиш электрон шаклда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган электрон платформа орқали Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан амалга оширилади.
Кўриниб турганидек, лойиҳада назарда тутилган тартиб амалдаги қонунчиликда белгиланган.
Шартномаларни ушбу масала ваколатига кирмайдиган яна бир давлат органида рўйхатга қўйилиши навбатдаги маъмурий ва бюрократик тўсиқ яратилишини назарда тутади.
Бундан ташқари, солиқ органлари шартномларни рўйхатга қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларни Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмаларидан электрон ахборот алмашинуви йўли билан олишлари мумкин.
Шу боис, лойиҳада юқоридаги талабнинг белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳадан инвестиция шартномалари ҳамда улушли иштирок тўғрисидаги шартномаларни Кадастр агентлигида рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ талабларни чиқариб ташлаш лозим.
2. Лойиҳа 3-банди учинчи хатбошига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси инвестиция шартномалари доирасида инвестициялар сифатида киритилган қурилиш материаллари қийматини инвестиция объектини сотиш суммасидан ортиқ бўлган олинган даромадлар ҳажмларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базасига киритилиши юзасидан назорат тадбирларини кучайтирсин”, - деб белгиланган.
Кўриниб турибдики, ушбу билан, аслида, солиқ органларига янги ваколат берилмоқда. Яъни, солиқ маъмуриятчилигига янги қоида таклиф этилмоқда.
Ваҳолангки, бундай қоидалар фақат қонун ҳужжатларида тартибга солиниши мумкин.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг (янги таҳрир)
11-моддасига кўра, “Қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормалар белгиланишига йўл қўйилмайди”.
Шунингдек, Солиқ кодексида белгиланиши лозим бўлган масалаларнинг қонуности ҳужжати билан тартибга солиниши, ушбу Кодекс доирасидан четга чиқишга олиб келади. Бу эса, Кодекснинг
Шу боис, лойиҳа 3-банди учинчи хатбошини чиқариб ташлаш зарур.
3. Лойиҳа 4-бандига кўра, “Жисмоний шахсларга 2021 йил 1 июндан бошлаб:
кўп квартирали уйларни қуриш;
қурилиш ташкилотлари билан шартнома тузмаган ҳолда якка тартибдаги уйларни (икки қаватдан юқори бўлмаган (цокол қаватини ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойларни қуриш бундан мустасно) ва нотурар объектларни мустақил равишда қуриш тақиқлансин.
Мазкур ҳолатлар бўйича қурилиш учун лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий эксперт хулосаси бериш амалиётига чек қўйилсин”, - деб белгиланган.
Лойиҳада назарда тутилган ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 ноябрдаги ПФ-6119-сонли Фармони билан тартибга солинган бўлиб, унинг 5-бандига кўра, нафақат жисмоний шахслар, балки юридик шахслар томонидан ҳам қандай ҳолатларда ва тартибда мустақил равишда бино ва объектлар қуриш мумкин эмаслиги аниқ белгиланган.
Лойиҳа билан мазкур масалани такроран тартибга солиш керак эмас.
Шу сабабли, лойиҳадан юқоридаги бандни чиқариб ташлаш лозим.
4. Лойиҳа 5-бандига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳар чоракда нотариал идоралар (олди-сотди шартномаларини рўйхатдан ўтказиш бўйича) ва тижорат банкларнинг маълумотлари (ипотека кредитлари ва гаровга қўйилган мол-мулкини баҳолаш маълумотлари бўйича) асосида бирламчи ва иккиламчи уй-жойларнинг бир квадрат метри учун нархлар тўғрисидаги маълумотларни расмий сайтда эълон қилиб борсин.
Давлат солиқ қўмитаси ўз сайтида жойлаштирилган маълумотлар ва ҳақиқатда расмийлаштирилган битимлар таҳлили асосида, зарур ҳолларда сайёр солиқ текширувларини ўтказган ҳолда шубҳали битимларни аниқласин”, - деб белгиланган.
Ушбу бандда солиқ солиш базасининг объекти сифатида уй-жой белгиланмоқда.
Шунда нотариал идоралар ва тижорат банкларининг маълумотлари асосида уй-жойларнинг бир метр квадрат майдони учун нархларни шакллантириш орқали солиқ солиш базасини шакллантириш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, солиқ органи томонидан шаклланган нархлар билан расмийлаштириладиган битимлар ўртасида фарқ аниқланган тақдирда, бундай битимлар шубҳали деб топилиши ва сайёр солиқ текшируви ўтказилиши белгиланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, бундай ёндашув фуқароларнинг бир қатор фундаментал ҳуқуқларининг бузилишига шароит яратиб беради.
Хусусан, ушбу ҳуқуқлардан бири сифатида шахсларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган хусусий мулк ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқларини келтириш мумкин.
Конституциянинг 53-моддасига кўра, Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. 54-моддасида эса, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади, деб белгиланган.
Фуқаролик кодекси 164-моддасига кўра, “Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир”.
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 4-моддасида эса, Мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақли. У ўз мол-мулкидан хўжалик фаолиятини ва қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши, уни бошқа шахсларга эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун текинга ёхуд ҳақ эвазига бериши мумкин, деб белгиланган.
Ушбу қонун ҳужжатлари талабларини эътиборга олмаган ҳолда, юқоридаги қоидаларнинг белгиланиши шахсларнинг мулкини эркин тасарруф қилиш ҳуқуқи чекланишига ва уларни асоссиз равишда солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбдор деб топиб, жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Шу боис, лойиҳадан 5-бандни чиқариб ташлаш лозим.
5. Лойиҳа 7-бандига кўра, “Солиқ органлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг таркибий бўлинмалари билан биргаликда ходимларнинг ҳақиқий сонини ва уларга меҳнатга ҳақ тўлаш шаклини аниқлаш мақсадида қурилиш объектларига сайёр солиқ текширувларини ташкил этиш (ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга) бўйича тартиб жорий этилсин”, - деб белгиланган.
Қайд этиш лозимки, сайёр солиқ текширувларини ташкил этиш, ўтказиш тартиби, асослари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланган.
Яъни, сайёр солиқ текширувини ўтказишнинг умумий бўлган аниқ тартиби мавжуд.
Бундай текширувларни ўтказишда қурилиш соҳаси учун алоҳида тартибни белгилаш мутлақо нотўғридир.
Бу амалиётда турли ноаниқликлар ва чалкашликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳа 7-бандини чиқариб ташлаш лозим.
6. Лойиҳа 8-бандига кўра, “Белгилансинки, 2021 йил 1 июлдан бошлаб молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча қурилиш объектлари бўйича ҳақиқатда иш ҳақи жамғармаси лойиҳа-смета ҳужжатлари ва (ёки) оферталар асосида тузилган пудрат шартномаларига мувофиқ белгиланган ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг 80 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланади”, - деб белгиланган.
Аввало, ушбу норма аниқ ифодаланмаган, ундаги мазмун англашилмаган.
Шу билан бирга, бундай масалалар ҳам Солиқ кодексида белгиланиши лозим.
Мазкур Хулоса 2-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, лойиҳадан мазкур бандни чиқариб ташлаш зарур.
7. Лойиҳа 12-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 699-сон қарорига қўшимча киритиш белгиланган.
Унда лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини ҳисоблашда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган ташкилотларга кўпроқ балл бериш назарда тутилган.
Аввало, қайд этиш лозимки, бугунги кунда қурилиш соҳасидаги кўплаб тадбиркорлик субъектлари қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтмаган.
Шу сабабли ҳам, ушбу ҳолатни соҳадаги ташкилотлар рейтингини ҳисоблашда мезон сифатида белгилаш нотўғри.
Ўз навбатида, бундай талабнинг белгиланиши амалиётда бино ва иншоотлар нархларига таъсир қилиши, яъни нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳадан 12-бандни чиқариб ташлаш лозим.
8. Мазкур Хулосадан кўриниб турибдики, лойиҳада айрим масалаларни қўшимча тартибга солишга ҳаракат қилинган.
Шуни эътиборга олиш лозимки, алоҳида бир соҳа бўйича айрим масалаларни тартибга солиш солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигига зиддир.
Ваҳолангки, лойиҳадаги таклиф этилаётган кўплаб қоидалар Солиқ кодексида тартибга солинган.
Шу боис, мазкур лойиҳани қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас.
29.04.2021
09:34