Ёш тадбиркорлар ҳуқуқлари давлатнинг ишончли ҳимояси остида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6208-сон Фармони имзоланди.
Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни доимий иш билан банд қилиш, қўшимча даромад олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қуйидаги тартиб жорий қилинади.
2021 йил 1 майдан бошлаб:
- 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар 6 ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан 7 ойдан бошлаб қайтарилади;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкини ижарага олишда ижара тўловларидан имтиёзлар тақдим этилади;
- 2021 йил 1 июндан бошлаб, “Ёшлар дафтари”га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга 1 йиллик ижара ҳаражатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача бўлган миқдори “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан компенсация қилинади;
- профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга улар ишлаб-чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравар миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилади.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2021 йил 1 июндан бошлаб қуйидагилар амалга оширилади:
- АТ “Халқ банки”, АТ “Алоқа банк” ва “Микрокредитбанк” АТБ томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга компьютер харидлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади. Бунда, истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловлари Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш ҳаражатларининг 50 фоизи, бироқ умумий ҳисобда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача бўлган миқдори ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобида компенсация қилинади;
- “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш ҳаражаталари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади;
- хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолият бошлаганига 6 ойдан ошмаган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган ҳаражатларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача бўлган қисми мазкур хусусий корхона ва ташкилотларга Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади.
2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Яъни у қуйидаги тартибда:
ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим;
ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатиган ва фаол талабалар учун қоплаб берилади;
олий таълим муассасалари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин.
2021 йил 1 июндан бошлаб ёшларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқиши ва билимларини оширишга оид сифатли кўрсатув ва китоблар яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги ишлар ташкил этилади:
мустақил баҳоловчи ташкилотлар томонидан рейтинги юқори деб баҳоланган республика миқёсидага 3 та телеканалдан томошабинлар учун қулай бўлган пайтни инобатга олиб, эфир вақтини сотиб олиш;
бизнес юритиш ва унда муваққиятга эришиш йўллари бўйича сифатли видеомаҳсулотларнинг шартнома асосида тайёрланишини таъминлаш ҳамда уларни сотиб олинган эфир вақтида намойиш этиш;
ёшларга амалий қўлланма сифатида фойдаланиш учун бизнес юритиш ва унда муваффақиятга эришиш йўллари, тадбиркорлик фаолияти давомида яхши натижаларга эришиш йўлидаги ютуқ ва хавф-хатарлар ҳақида оммабоп китобларни нашр этиш.
- деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларни сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан патноражга олиш тизими жорий қилинади;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларга “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармалари ҳисобидан уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари миқдоригача субсидия ажратилади.
2021 йил 1 июндан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига 10 тагача маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилади. Ушбу муассасалар ректорлари томонидан:
давлат олий таълим муассасалари ректорлари томонидан бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшайдиган уюшмаган ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш, шу жумладан уларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб қилиш чоралари кўрилади;
талабалар ётоқҳонларида, маданият марказларида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшлар билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил этиш, очиқ давра суҳбатлари ва маданий тадбирлар ўтказиш жорий қилинади.
Мазкур Фармон ишбилармонлик тизимини тубдан яхшилашга, тадбиркорликка қизиққан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни инновацион ғоялари учун рағбатлантириш, ўзини-ўзи банд қилиш ҳамда ёшларни иш билан таъминлашга хизмат қилади.
04.05.2021
11:28