Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва “Ёшлар: 1+1” ташаббуси доирасида амалга оширилган ишлар ўрганилди
Жорий йлнинг 6 май кунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раисининг ўринбосари Ф.Ташпулатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ва Чирчиқ шаҳрида бўлиб, у ерда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижалари ва “Ёшлар: 1+1” ташаббуси доирасида кўрилаётган чоралар билан танишди.
Ишчи гуруҳ Чирчиқ шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижалари, шунингдек, “Ёшлар дафтари”ни тузиш ва ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантириш, ёшларни тадбиркорлик асослари ва касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик курсларини битирган ёшларга кредитлар ажратиш, “Ёшлар: 1+1” тамойили асосида ишсиз ва уюшмаган ёшларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш орқали бандликларини таъминлаш ишлари ҳолатлари ўрганилди.
Бундан ташқари, ўрганиш давомида туманда фаолият юритаётган, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” ташаббуси доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига, жумладан Чирчиқ шаҳридаги Кичик саноат зонасида жойлашган "KARA DERI", "UMID FASHION GRANT", "DAINTY TEXTILE" МЧЖларга ташриф буюрилиб, фаолиятларида учраётган муаммолар ўрганилди ва уларни ҳал этиш бўйича чоралар белгилаб олинди. Худди шу каби ўрганишлар вилоятнинг Қибрай туманида ҳам амалга оширилди. Хусусан, Қибрай тумани Кичик саноат зонасида Тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилиб, тадбиркорлар муаммо ва таклифлари ўрганилди. Тумандаги медицина бинтини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи “SHAFOAT FAYZ” МЧЖ фаолияти билан танишиб чиқилди.
ССП томонидан бу борадаги ишлари давом этмоқда.
07.05.2021
10:45