Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 370 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (ID-44462) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳа билан Ер кодекси (кейинги ўринларда Кодекс)га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган.
Унга кўра, 6-модда тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда келтирилган:
...
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш бўйича танлов якунларига кўра жисмоний ва юридик шахслар билан ижара шартномасини тузиш” туманлар давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига киради.
24-модданинг иккинчи қисмига кўра:
“Ер участкасини шартнома асосида ижарага бериш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) очиқ танлов натижаларига кўра қабул қилинадиган халқ депуталари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарори – қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни жисмоний ва юридик шахсларга ижара беришда;
2) электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома – ер участкаларини қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадлар, шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ижарага беришда;
3) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори:
ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда қишлоқ хўжалиги кластерларига ижарага беришда;
қиймати 10 миллион АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлган йирик инвестиция лойиҳасини таклиф этган жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан хорижий инвесторларга, қишлоқ хўжалиги йўналишида 500 минг АҚШ доллари эквивалентидаги, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик йўналишида эса 1 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағ аввалдан махсус ҳисоб рақамга жойлаштирилганда”.
Кўриниб турганидек, лойиҳада ер участкаларини ижарага бериш турли асосларга кўра амалга оширилиши назарда тутилган.
Яъни, бунда ерлар танлов ёки аукцион натижаларига кўра, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тўғридан-тўғри ажратилиши мумкинлиги белгиланган.
Шуни инобатга олиш жоизки, тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратишда турли тартиб-таомилларни жорий этилиши амалиётда чалкашликлар ва ҳар қандай суиистеъмолликларни келтириб чиқариб, шу билан бизнес юритиш учун тенглик принципини бузади.
Шу билан бирга, бундай механизм ер ажратишнинг ягона ва шаффоф тартибини жорий этиш имконини бермайди.
Қолаверса, шуни эътиборга олиш лозимки, ер участкаларини электрон онлайн-аукционсиз берилиши амалда коррупция ҳолатларига шароит яратиб, тадбиркорлик субъектларини коррупциявий муносабатларга киришишга ундайди.
Сабаби, таклиф этилаётган тартибда шаффофликни таъминлаш имконсиз.
Тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш тартиб-таомилларини тизимлаштириш ва унификациялаш, шунингдек ягона ва шаффоф тизимни яратиш мақсадида, лойиҳада барча тоифадаги ер участкалари тадбиркорлик субъектларига фақат электрон онлайн-аукцион орқали ажратилишини белгилаб қўйиш лозим.
1.Кодекснинг 23-моддаси иккинчи қисми 3-бандига кўра:
“Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) қуйидаги тартибда амалга оширилади:
...
3) ижара ҳуқуқ асосида – мазкур Кодекснинг 24-моддасида белгиланган тартибда халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан.
Кодекснинг 24-моддасида эса, электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома асосида ер участкаларини ижарага бериш ҳам белгиланган.
Кўринадики, бунда ер участкаларини ижарага бериш онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома асосида халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сон Фармони 10-бандига мувофиқ, электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома асосида ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш, шунингдек, аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарор ўрнига Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма берилиши белгиланган.
Кўриниб турганидек, лойиҳада келтирилган нормалар мазкур Фармон талабларига зид келмоқда.
Шу боис, лойиҳада ер участкалари онлайн-аукцион натижалари бўйича баённома асосида ижарага берилишини, бунда халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори талаб этилмаслигини назарда тутиш лозим.
1.Кодекснинг 20-моддасига кўра:
"Доимий фойдаланиш учун ер участкалари юридик шахслар - давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, шунингдек Хусусийлаштирилмайдиган, стратегик давлат мулки объектларининг ягона рўйҳатига киритилган ҳўжалик жамиятларига қуйидаги ҳолларда берилади:
яйловлар, транспорт, алоқа ва мудофаа мақсадларига мўлжалланган ерлар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, ўрмон фонди ерлари ва сув фонди ерлари – ушбу ерлардан мазкур Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган мақсадларда фойдаланилишини таъминлаш ва уларни муҳофаза қилиш учун;
давлат шеригига – давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш, зарур ҳолларда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерикка ижарага бериш учун;
давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун;
қонунларда назарда тутилган бошқа ҳолларда”.
Лойиҳадаги 23-модда иккинчи қисми 2-бандига кўра эса, Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) қуйидаги тартибда амалга оширилади:
...
3) доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида – мазкур Кодекснинг
20-моддасида назарда тутилган мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарори билан.
Таъкидлаш лозимки, давлат корхоналари ҳамда стратегик давлат мулки объектларининг ягона рўйхатига киритилган хўжалик жамиятлари, аслида тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Чунки, улар тижорат (даромад олиш) мақсадида ташкил этилади.
Яъни, юқоридаги каби корхона ва жамиятларга электрон онлайн-аукционсиз, Вазирлар Маҳкамаси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарори билан ер участкаларининг ажратиб берилиши амалда уларни бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўяди.
Бу эса, ўз навбатида, бизнес юритиш ва ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатиши аниқ.
Шунингдек, таклиф этилаётган тартиб амалиётда юқоридаги корхона ва жамиятларга тегишли қарор билан ажратиб берилган ер участкаларининг кейинчалик бошқа хўжалик юритувчи субъектларга сотилиши каби ноқонуний схемаларга шароит яратиб бериши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада Вазирлар Маҳкамаси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг қарори билан давлат органлари ва муассасаларига фақат уларнинг ўзлари ҳамда бўлинмаларини жойлаштириши учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер ажратиб берилишини белгилаш мақсадга мувофиқ саналади.
1.Кодекснинг 27-моддасига кўра:
"Ўзбекитон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади" ажратилади.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
5 январдаги ПФ-5611-сон Фармони 5-бандига кўра:
“6-иловага мувофиқ хорижий мамлакатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи тақдим этилсин.
Белгилансинки, ушбу ҳуқуқ:
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида — 400 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида — 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида — 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда кўчмас мулкни сотиб олган тақдирда берилади”.
Яъни, бунда хорижий мамлакатлар фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулк сотиб олиниши мумкинлиги белгиланган.
Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда, жумладан, Туркия, Россия ва бошқа мамлакатларда ер участкалари хорижий давлатлар фуқароларига ҳам мулк ҳуқуқи асосида берилиши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада ер участкаларини якка тартибда уй-жой қуриш учун хорижий давлатлар фуқароларига ҳам мулк ҳуқуқи асосида бериш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
1.Кодекс 39-моддаси иккинчи қисмига кўра, “Ер эгаси бўлган фуқаро ер участкасига бўлган ҳуқуқини кредитлар олиш учун гаровга қўйиши мумкин”.
Кодекснинг 16-моддасида эса, “Ер давлат мулки — умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно”, - деб белгиланган.
Яъни, ушбу нормаларда ерни мулк сифатида гаровга қўйиш мумкин эмаслиги назарда тутилган.
Бироқ, лойиҳада Кодекснинг 17-моддасига ўзгартириш киритилиши белгиланган бўлиб, унга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга ерларни мулк қилиб берилиши, яъни хусусийлаштириб берилиши назарда тутилган.
Бундан кўринадики, шахслар ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ерни ҳам (унга нисбатан бўлган ҳуқуқнигина эмас) гаровга қўйиши мумкин.
Бундан ташқари, 39-моддада фақатгина ер эгаси бўлган фуқаро ер участкасига бўлган ҳуқуқини гаровга қўйиши мумкинлиги назарда тутилган. Бунда юридик шахслар эътибордан четда қолдирилган.
Кўриниб турибдики, лойиҳада нормаларнинг ўзаро номувофиқлиги ва қарама-қаршилиги келиб чиққан. Бу эса, юридик жиҳатдан мутлақо нотўғридир.
Шу боис, лойиҳада ерга бўлган ҳуқуқ билан бирга, мулк сифатида берилган ерларни ҳам гаровга қўйиш мумкинлигини, шунингдек, нафақат фуқаролар балки юридик шахслар ҳам бундай ҳуқуққа эга эканлигини лойиҳада назарда тутиш лозим.
19.05.2021
19:16