Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 382 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Босма нашрларни чоп этиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори (ID-44480) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа босма нашрларни чоп этиш тартибини белгилашни назарда тутиб, уни ишлаб чиқилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4151-сон қарори билан асослантирилган.
Бироқ, мазкур Қарорда бундай тартибни ишлаб чиқиш назарда тутилмаган. Яъни, лойиҳани ишлаб чиқиш ҳуқуқий асослантирилмаган.
Бундан ташқари, амалиётда ушбу соҳадаги фаолият “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 мартдаги “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4640-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июндаги “Ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлагани ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 401-сон қарори, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг “Нашрларни чоп этиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида” 2006 йил 16 мартдаги 29-сон буйруғи (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2006 йил 14 апрелда 1561 рақам билан рўйхатга олинган) каби қонунчилиr ҳужжатлари билан тартибга солинган.
Юқоридаги ҳужжатлар асосида ноширлик ва матбаа фаолиятини амалга ошириши ваколатли давлат органини хабардор қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган. Яъни, мазкур фаолиятни амалга ошириш тартиби соддалаштирилган.
Лойиҳа билан яна нашрларни чоп этиш тартибини белгиланиши эса, соҳадаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашишни ҳамда улар фаолиятини мураккаблаштиришни назарда тутади.
Бу эса, ҳозирги кунда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга мазмунан зид келмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур лойиҳани қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини қайта кўриб чиқиш зарур.
21.05.2021
09:59