Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан транспорт соҳасида экспортерлар учун яратиб берилган имкониятлар бўйича вебинар бўлиб ўтди
2021 йил 21 май куни Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Uzbekistan Airways” АЖ билан ҳамкорликда “Республикамизда маҳсулотларни экспорт қилишда халқаро транспорт коридорлари ҳамда транспорт соҳасида экспортерлар учун яратиб берилган имкониятлар” мавзусида онлайн мулоқот шаклида вебинар бўлиб ўтди. Ушбу вебинарда 80 га яқин тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирни Савдо-саноат палатасининг Экспортга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Ғ.Усмонов кириш сўзи билан очиб берди ҳамда вебинар мавзуси ҳақида тадбиркорларни батафсил таништириб ўтди.
Вебинарда ҳар қандай давлат учун тижорат юкларини ташишда транспорт маршрутлари миллий иқтисодиётнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги, хорижий давлатларда масалан, Болтиқбўйи давлатлари, БАА, Миср, Ўмон, Малайзия, Хитой ва бошқа хорижий давлатлар иқтисодиётини ривожланишида айнан транспорт коридорлари, транзит имкониятлари салмоқли ўрин тутганлиги қайд этиб ўтилди.
Ўзбекистоннинг географик жиҳатдан Европа ва Осиёни боғловчи давлат сифатида жуда қулай ҳудудда жойлашганлиги, шу билан бирга халқаро юкларни ташишда Ўзбекистонда мавжуд шароитлар, экспортёр корхоналарнинг маҳсулотларини экспорт қилишда яратилган имкониятлар, тарифлардан чегирмалар ва қулайликлар, ҳамда транспорт соҳасида юкларни ташишда қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан эришган келишувлари ҳамда транспорт соҳасидаги бошқа долзарб масалалар бўйича атрофлича тақдимотлар ўтказилиб, мутахассисларнинг соҳага оид маълумотлари тингланди.
Тадбир давомида транспорт соҳасидаги вазирлик ва корхоналарнинг тақдимот ва маърузалари бўлиб ўтди:
- Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигидан Транспорт коридорлари, логистика ва транзитни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Холматов Бекзод,
- “Ўзбекистон темир йўллари” АЖдан Юк ва тижорат ишлари бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азимов Хасан,
- “Uzbekistan Airways” АЖдан Юк ташувлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қамбаров Азиз вебинар мавзусига оид маъруза ва тақдимотлар билан иштирок этдилар.
Учрашув тадбиркорлар билан савол-жавоб кўринишидаги мулоқот тарзида олиб борилиб, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан юкларни ташиш борасида берган саволларига Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan Airways” АЖ ва Савдо-саноат палатаси мутахассислари томонидан батафсил жавоблар йўлланди.
21.05.2021
15:42