"Андижон музқаймоқлари" савдо белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома топширилди
Андижонлик фуқаро томонидан "Андижон музқаймоқлари" савдо белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома топширилди.
“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонун 5-моддасига ко’ра мамлакат, аҳоли пункти, жўғрофий обектнинг ўзига хослиги ҳамда табиий шароитлардан келиб чиқиб, товарни белгилаш учун ишлатиладиган, унинг алоҳида хусусиятлари тамомила акс эттирадиган номи товар келиб чиққан жой номи сифатида белгиланади.
Мазкур ҳолатда ҳам музқаймоқ айнан Андижонда тайёрлангани ва ўзига хослигидан келиб чиқиб, уни рўйхатдан ўтказиш учун талабнома топширилган.
Дунё бўйлаб муҳофазаланган машҳур товар келиб чиққан жой номларига “Бразилия қаҳваси”, “Швейцария пишлоғи”, “Краков колбасаси”, “Севан форели”, “Естония рояли”, “Франсуз шампани”, “Италян спагеттилари” ва бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин.Асосийси товар келиб чиққан жой номини муҳофазалаш орқали товарнинг қиймати ошади ва тадбиркор ўз фаолиятини янада кенгайтиришига хизмат қилади.
Таъкидлаш лозим, товар номини муҳофазалаш орқали тадбиркорлар ўз маҳсулотларидан бошқаларнинг рухсатсиз фойдаланиши ҳамда сохта ёки контрафакт нусхалари пайдо бўлишидан ҳимоя қилади. Жисмоний шахс номидан топширилган ариза ҳозирда экспертизадан ўтказилмоқда.
Эътиборлиси, кунлар исиши билан “Андижон музқаймоқлар” сотуви Тошкент ва бошқа шаҳарларда кенг оммалашди. Улар одатда кўчаларда, бозорларда кўчма музлатгичларда сотилмоқда.
Ҳурматли тадбиркорлар, ўз маҳсулотингиз номини Интеллектуал мулк агентлигидан рўйхатдан ўтказинг ва ноҳалол рақобатдан ҳимоя қилинг.
Манбаа: Интеллектуал мулк агентлиги ахборот-хизмати
26.05.2021
10:57