Боёвут туманида "Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор" тамойили асосида "Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси" бўлиб ўтди
Муҳтарам Призидентимиз томонидан 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” йили деб эълон қилиниши жамият тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар қандай соҳа вакилига улкан ижтимоий маъсулият юклайди. Бу ўз ўрнида юрт равнақи йўлидаги ислоҳотларни самарали ташкил этиш лозимлигини англатади.
Шу мақсадда ёшлар ва аёллар дафтаридаги ишсизлар бандлигини тўлиқ таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, 2021 йилнинг январь-апрель ойларида тасдиқланган платформа маълумотларига кўра Боёвут туманидаги 4976 нафар ишсиз ёшлар орасидан 1910 нафари иш билан таъминланди, жумладан:
1. Доимий ишга жойлашганлар – 274 нафар;
2. Жамоат ишларига юборилганлар – 10 нафар;
3. Касбга қайта ўқитилганлар – 22 нафар;
4. Деҳқончилик учун ер ажратилганлар – 1151 нафар;
5. Банклар тамонидан ажратилган кредитлар ҳисобига – 156 нафар;
6. Фермерлар кенгаши томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига -32 нафар;
7. “1+1” тамойили асосида тадбиркорларга бириктириш орқали – 17 нафар ёшлар банд қилинди.
Бугун ҳам Боёвут туманининг марказий “Юрт байроғи” майдонида “Ҳар бир тадбиркор - ёшларга мададкор” тамойили асосида ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш бўйича бўш иш ўринлар меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди.
Ярмаркада тумандаги 8 та давлат ташкилотлари билан бир қаторда қатнашган 10 дан ортиқ тадбиркорлар ташриф буюрганларга ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари сони ва иш фаолияти ҳақида батафсил маълумот беришди.
Ярмакада қатнашган ёшларнинг кўпчилигини касбга қайта ўқитилиш билан боғлиқ саволлар қизиқтирди. Улар ўз саволларига тадбир ташкилотчилари бўлган масъул ҳодимлардан батафсил жавоб олишди. Ишга жойлашиш мақсадида келган фуқароларнинг исм-шарифи ёзиб олиниб, ўша жойнинг ўзидаёқ ишга жойлашиш учун зарур ҳужжатлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Кушаков, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Шавкат Жўраев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - бизнес омбудсман Сирдарё вилояти бўйича етакчи инспектори Нурали Қурбоновлар иштирок этди ва иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларига жавоб беришди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги тадбир орқали кўпчилик ишсиз ёшларнинг иш билан таъминлаш имкони яратилди. Балки, қайсидир маънода ўз оиласининг моддий таъминотига оз бўлсада ҳисса қўшишни ният қилган, аммо бу борада кўмакка муҳтож бўган ёшларда умид уйғотишга эришилди, дейиш мумкин.
26.05.2021
15:28