Ўзбекистоннинг “Amazon” платформасига қўшилиш масаласи юзасидан
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси оммавий ахборот воситаларидаги маълумотларни, шунингдек бир қатор блоггерларнинг фикрларини кузатиб бориб, “Amazon платформасига Ўзбекистонни қозоғистонликлар қўшиб беришганми?” деган саволга айрим аниқлик киритишни зарур деб билади.
Давлатимиз рахбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг 15-16 май кунларида Америка Қўшма Штатларига бўлган ташрифи давомида Ўзбекистон Amazon билан ҳамкорликда бир мунча ютуқларга эришганлиги таъкидлаб ўтилган.
Ўша даврдаги Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев spot.uz янгиликлар сайтига берган интервъюсида: «Ушбу компания биринчи марта бизнинг бозоримизга қизиқиш билдирмоқда. Ҳамкорлик борасида биз бир мунча ютуқларга эришдик. Ҳозирда Amazon раҳбарияти билан музокаралар олиб борилмоқда ва Ўзбекистон бозорига кириш йўл харитасини биргаликда ишлаб чиқишни назарда тутувчи меморандумлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда», - деб таъкидлаган эди.
Қолаверса, 2018 йилнинг август ойида Amazon компаниясининг вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишган.
Бундан кўриниб турибди-ки дунёнинг йирик савдо-платформаларидан бири бўлган Amazon’да ўзбекистонлик тадбиркорлар учун ўз маҳсулотларини ушбу платформада рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратиш масалалари кўриб чиқилган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳам “Amazon” платформасида маҳаллий тадбиркорларнинг савдо-сотиқ жараёнларини амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида тегишли идораларга ўз таклифи билан мурожаат қилган.
Айни кунларда юқорида таъкидлаб ўтилган таклифлар юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Палата ахборот-хизмати амалга оширилаётган ишларнинг якуний натижаси юзасидан батафсил ахборот беришини маълум қилади.
Қолаверса ушбу мавзу бўйича мутасадди ташкилотлар иштирокида тадбир ўтказилиши режалаштирилган.
ССП Матбуот хизмати
31.05.2021
09:02