“Доривор ва зиравор ўсимликларни етиштириш” тўғрисида Жиззах вилоятида ўтказилган ноанъанавий “Маҳорат дарси”
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрель, ПҚ-4670-сонли қарорига кўра Республикада сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ва зиравор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 7 июнь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси “Доривор ва зиравор ўсимлик етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш” бўлими ва Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокимлиги ҳамда “Ўрмонча каперс” МЧЖ билан ҳамкорликда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган аҳолига “Маҳорат дарси” ташкил этилди.
Учрашувда фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, доривор ўсимликлар етиштиришга қизиқишини ошириш ҳамда ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар ва соҳани ривожлантиришга берилаётган имтиёзлар ҳақида керакли маълумотлар берилди.
Учрашув якунида тиканли ковул доривор ўсимлиги плантацияларини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда аҳоли даромадини ошириш мақсадида ковул етиштириш кооперациясини ташкил этилишига ва ташаббус билдирган ҳар бир фуқарога 1 гектардан ер майдони ажратиб берилишига келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Республикада 4 млн. 898 минг АҚШ доллари қийматидаги 2 899 тоннадан ортиқ ковул экспорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Мазкур йилда 2019 йилга нисбатан юртимиздан 97 тонна кўп ковул экпорт қилинди.
Экспорт қилинган ковул натижасида юртимизга валюта тушумлари эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 170 минг долларга кўпайиб, 4 фоиз ўсишга эришилди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, ковулнинг 78 фоизи Туркияга ва 16,5 фоизи Италияга экспорт қилинган.
Шунингдек, жорий йилда ковулнинг экспорти АҚШга салкам 2 баробарга ортган.
08.06.2021
16:44