Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 435 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Туну кун фаолият юритувчи савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг хавфсизлигини таъминлашга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори (ID-45818) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа иловаси 2-бандига кўра, “Туну кун фаолият юритувчи савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида хавфсизликни таъминлаш ва мол-мулкни қўриқлаш билан боғлиқ хизматлар шартнома асосида ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари томонидан амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Бунда, қўриқлаш билан боғлиқ хизматлар фақат ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги
ПҚ-4075-сонли қарори билан тасдиқланган 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича Йўл харитасининг 3-бандида “нодавлат ташкилотларга жисмоний ва юридик шахсларга тегишли объектларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўриқлаш фаолиятига ва хизматлар кўрсатишга рухсат бериш” белгиланган.
Шу боис, лойиҳада ушбу норма талабларини инобатга олиш ва унда қўриқлаш билан боғлиқ хизматлар нодавлат ташкилотлар томонидан ҳам кўрсатилиши мумкинлигини белгилаш лозим.
2. Лойиҳа иловаси 3-бандига кўра:
“Туну кун фаолият юритувчи савдо ва хизмат кўрсатиш объектларнинг маъмурияти ва ходимлари:
жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ёнғин, табиий офат ва бошқа фавқулодда ҳодисалар содир бўлганда, бу ҳақда дарҳол ҳудудий ички ишлар органларига хабар бериш;
одамларни қутқариш, уларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ёрдамида ёнғинни ўчириш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш;
ички ишлар органлари ходимлари етиб келгунга қадар жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини сақлаб қолиш учун ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга бошқа шахсларни қўймаслик чораларини кўриш;
объектда пайдо бўлган жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки қидирилаётган шахслар тўғрисида дарҳол ички ишлар органига хабар беришлари шарт”.
Бу орқали, кўнгилочар савдо объектларининг маъмурияти ва ходимларига қўшимча мажбуриятлар юклаш назарда тутилган.
Аммо, ушбу шахслар бундай вазифаларни бажариш учун тўлиқ имкониятга эга бўлмаслиги мумкин. Хусусан, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш улар ихтиёрига боғлиқ бўлмаслиги ёки улар жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки қидирилаётган шахслар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлмаслиги мумкин.
Мазкур норма амалиётда турлича талқин қилиниши оқибатида эса, турли тушунмовчиликлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ортиқча сарсонгарчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасининг 4-бандини чиқариб ташлаш зарур.
4. Лойиҳа иловаси 6-бандига кўра, “Туну кун фаолият юритувчи савдо ва хизмат кўрсатиш объекти Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳудудий бўлинмаларининг техник қўриқлаш пункти қўриқловига шартнома асосида топширилиб, унинг қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализацияси комплекси техник қўриқлаш пунктининг бошқарув ва кузатув пультига уланиши лозим”, - деб белгиланган.
Бунда, қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализацияси комплексини техник қўриқлаш пунктларига улаш кимнинг ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилмаган.
Бу эса, амалиётда ушбу нормани турлича талқин қилиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан замонавий техник қўриқлаш воситаларини жорий этиш билан боғлиқ ортиқча мажбурият ва молиявий харажатларни юклаш, шунингдек, фаолиятни амалга оширишдаги қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, юқоридаги норманинг белгиланиши ортиқча кўринади, чунки савдо-кўнгилочар комплексларни замонавий техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозлаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашдан биринчи навбатда тадбиркорнинг ўзи манфаатдор ҳамда уни ихтиёрий равишда амалга ошириши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасидан юқоридаги бандни чиқариб ташлаш зарур.
5. Лойиҳа иловасининг 7-бандига кўра, “Қўриқлаш сигнализациясининг датчиклари туну кун фаолият юритувчи савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига рухсатсиз кириб-чиқишни ҳамда унда рухсатсиз бегона шахсларнинг борлигини аниқлаш мақсадида алоҳида хоналарга, эшикларга, деразаларга, вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникацияларига ўрнатилади”, - деб белгиланган.
Мазкур норма орқали ҳам тадбиркорлик субъектларига мажбурий кўрсатмалар бериш, қўшимча талаблар юклаш назарда тутилган.
Аммо, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 18-моддасига кўра, “Тадбиркорлик субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади”, - деб белгиланган.
Юқоридагиларни, шунингдек мазкур Хулоса 4-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 7- ва
8-10-бандларини чиқариб ташлаш лозим.
6. Ушбу Хулоса 4-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловаси 11-13-бандларни чиқариб ташлаш лозим.
7. Шунингдек, лойиҳа иловасининг 8-, 14-16-бандларида туну кун фаолият юритувчи савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига қўйиладиган ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар юз бериши билан боғлиқ талабларни белгилаш назарда тутилган.
Аммо, мазкур масалалар Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
13 февралдаги 75-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли Қарори билан тартибга солинган.
Хусусан, ушбуларга кўра, савдо, омборхона, ишлаб чиқариш ва маъмурий-маиший биноларга, маҳсулот ишлаб чиқариш анжомлари ва жиҳозларига, технология режимларига, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этишга, кўрсатиладиган хизматларга қўйиладиган талаблар ва мезонлар амалдаги техник регламентлар ёки стандартлар, санитария нормалари, техника хавфсизлиги қоидалари, ёнғиндан сақлаш ва бошқа талабларга мувофиқ белгиланади.
Кўриниб турганидек, лойиҳада назарда тутилган нормалар ва талаблар амалдаги қонунчилик ҳужжатларида мавжуд бўлиб, бундай талабларни туну кун фаолият кўрсатувчи объектлар учун алоҳида белгилаш зарурати йўқ.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5505 сонли Фармони 3-банди иккинчи хатбошига кўра, “Давлат органлари томонидан қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ташаббусига фақатгина ушбу органларнинг кўтарилаётган масалалар ёки муаммоларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган амалдаги нормалар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал қилиш ваколати бўлмаган тақдирда йўл қўйилади”, - деб белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 8-, 14-16-бандларини чиқариб ташлаш лозим.
8. Юқоридагилардан кўриниб турганидек, лойиҳа билан амалда тартибга солинган муносабатларни қайта тартибга солишга, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча ва асоссиз мажбуриятлар юклашга ҳаракат қилинган.
Лойиҳани ишлаб чиқиш эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5113-сон Қарори билан асослантирилган.
Бироқ, мазкур Қарорнинг 11-бандига кўра, “Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардия билан биргаликда бир ой муддатда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритишига доир жамоат хавфсизлиги бўйича соддалаштирилган талабларни ўрнатишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин”, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, лойиҳани ишлаб чиқиш учун асос сифатида келтирилган Қарорда мутлақо бошқа мазмундаги лойиҳани, яъни соддалаштирилган талабларни ўрнатишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқ берилган.
Аммо, лойиҳада бизнес муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган, мураккаблаштирилган тартибни жорий этишга уринилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур лойиҳани ушбу таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас.
09.06.2021
16:13