Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусидa
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 451 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Телекоммуникация, хавфсизлик ва бошқа давлат ҳамда ҳудудий дастурлар доирасида йўналишлардаги лойиҳаларда иштирок этиш учун илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказлари (R&D) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ID-46269) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-банди билан илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказларининг фаолият йўналишлари ва асосий вазифалари белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, мазкур турдаги марказлар тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам ташкил этилиши мумкин.
Бунда, лойиҳада юқорида келтирилган марказларнинг фаолият йўналишлари ва асосий вазифаларини белгилаб қўйиш мазмунан тадбиркорлик эркинлиги тамойилларига зид келади.
Шу боис, лойиҳада фақат давлат томонидан ташкил қилинадиган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказларининг фаолият йўналишлари ва асосий вазифаларини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ.
2. Лойиҳа 3-банди учинчи хатбошисига кўра: “Давлат дастурлари ва бошқа маҳаллий дастурлар доирасида амалга ошириладиган телекоммуникация, хавфсизлик ва IT-лойиҳаларда иштирок этиш истагини билдирган хорижий ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи компанияларга республикада ўзларининг илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказларини (R&D) очиш талаби қўйилади”.
Бунда, хорижий ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи компанияларга республикада ўзларининг илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказларини (R&D) очиш талаби белгиланмоқда, яъни янги турдаги мажбурият юкланмоқда.
Бироқ, мазкур талаб лойиҳа муаллифи томонидан асослантирилмаган, хорижий тажриба келтирилмаган.
Шунингдек, мазкур талаб мазмунан хорижий инвесторларнинг ҳуқуқий ва молиявий аҳволини оғирлаштириб, уларнинг ушбу соҳага эркин киришини чекланишига олиб келиши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 3-банди учинчи хатбошиси ва 4-бандини чиқариб ташлаш лозим.
3. Лойиҳа 1-иловаси билан Илмий-тадқиқот ва тажриба-кострукторлик марказлари (R&D) намунавий тузилмаси тасдиқланмоқда.
Мазкур Хулосанинг 1-бандида келтирилган асосларни инобатга олиб, лойиҳа 1-иловасини фақат давлат томонидан ташкил қилинадиган марказларга нисбатан татбиқ этилишини белгилаб қўйиш лозим.
4. Лойиҳа 2-иловаси билан Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказларининг намунавий низоми тасдиқланмоқда.
Мазкур Хулосанинг 1-бандида келтирилган асосларни инобатга олиб, лойиҳа 2-иловасини фақат давлат томонидан ташкил қилинадиган марказларга нисбатан татбиқ этилишини белгилаб қўйиш лозим.
5. Лойиҳа 3-иловаси билан Телекоммуникация, хавфсизлик ва бошқа давлат ҳамда ҳудудий дастурлар доирасида йўналишлардаги лойиҳаларда иштирок этиш учун илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказлари (R&D) фаолиятини олиб бориш тартиби тасдиқланмоқда.
Мазкур Хулосанинг 1-бандида келтирилган асосларни инобатга олиб, лойиҳа 3-иловасини фақат давлат томонидан ташкил қилинадиган марказларга нисбатан татбиқ этилишини белгилаб қўйиш лозим.
6. Лойиҳа 4-иловаси билан Илмий тадқиқотларга ва тажриба-конструкторлик ишланмаларга доир харажатларни фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан 2 коэффициент қўлланилган ҳолда чегириш тартиби тасдиқланмоқда.
Шуни инобатга олиш лозимки, солиқ маъмуриятчилигига доир асосий масалалар Солиқ кодекси билан белгиланган.
Хусусан, Кодекснинг 312-моддасида илмий тадқиқотларга ва (ёки) тажриба-конструкторлик ишланмаларига доир харажатларга оид нормалар белгиланган.
Бироқ, Солиқ кодексида Ҳукуматнинг юқоридаги тартибни белгилаши назарда тутилмаган.
Бунда, Солиқ кодекси талабларидан четга чиқиш ҳолати кузатилмоқда.
Шу сабабли, лойиҳа 4-иловасида назарда тутилган масалаларни Солиқ кодекси доирасида белгиланиши юридик жиҳатдан тўғри бўлар эди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳа 4-иловасини чиқариб ташлаш лозим.
15.06.2021
10:51