“Ёшлар ойлиги” доирасида “Ёшлар фестивали” ва “Талабалар фестивали” ўтказилди
“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги Ёшлар фестивали Қўқонда ҳам тантанали ташкил этилди.
Қўқон мусиқали драма театри майдони Республикамизнинг турли вилоятларидан келган ёшлар, фарғоналик ўғил-қизлар билан гавжум бўлди. Унда сўз олган вилоят ҳокими иштирокчиларни ёшлар байрами билан муборакбод этди.
“Ёшлар ойлиги доирасидаги тадбирлар вилоятимизда кенг кўламда ташкил этилмоқда. Вилоятимиздаги барча маҳаллаларга байрам шукуҳи кириб борган. Президентимизнинг мен ёшларга ишонаман, Ўзбекистон келажаги ёшлар қўлида деганлари бежиз эмас, албатта. Ёшлар юртимизнинг келажаги учун, гуллаб-яшнаши учун, халқимизнинг фаровон турмуши учун меҳнат қилишлари керак. Шу сабаб барча ёшларни бир мушт бўлиб, биргаликда давлатимиз раҳбари истаганларидек Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш учун курашишга чорлаб қоламан, - деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
Шундан сўнг юқори кайфиятда байрам дастури бошланди. Унда юртимиздаги таниқли санъаткорлар, ёшларнинг севимли хонандалари энг сара қўшиқларини иштирокчилар жўрлигида ижро этишди.
Гўзал рақслар, ўйин-кулгулар меҳмон-у мезбонларни мириқиб хордиқ олишига, концерт дастуридан завқ-у шавққа тўлишларига хизмат қилди.
Якунда мушаклардан ясалган гулдасталар тун қўйнида ранг-баранг жилолари билан йиғилганларни мафтун этди.
Қўқон шаҳрида ўтган Ёшлар фестивали ана шундай ёрқин лаҳзалари билан иштирокчиларда унутилмас хотиралар қолдирди.
Шу билан биргаликда, Фарғона шаҳрида "Ёшлар фестивали" доирасида оммавий юриш марафони ташкил этилди.
Унда иштирокчи ўғил-қизлар Фарғона давлат университети жойлашган Университет кўчасидан муҳташам вилоят театр-концерт саройига қадар юриб бордилар.
Ўғил-қизлар тадбирлар кўтаринки тарзда ташкил этилаётганлигини, айниқса, миллий дўппиларни кийиш орқали ёшлар анъана ва қадриятларимизни тарғиб қилаётганликларини айтиб ўтишди.
Ёшлар кўргазмаларида ўғил-қизлар имкониятлари намоён бўлди
Шунингдек, Фарғона шаҳридаги вилоят театр-концерт саройининг очиқ майдонида "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" фестивали доирасида ёшлар кўргазмалари ташкил этилди.
Тадбирлар давомида ёш спортчилар ўз жисмоний имкониятларини меҳмонлар эътиборига ҳавола қилдилар.
Қушлар кўргазмасида эса ёшлар она табиатга, қанотли дўстларга бўлган меҳр-муҳаббатларини намоён этишди. Ёш атласчи ва адрасчилар, ёш дўппичилар, ёш кулоллар кўргазмалари фарғоналик ўғил-қизларни касб-ҳунар ўрганишга бўлган иштиёқларини кўрсатди.
21.06.2021
10:20