Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизими такомиллаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2 июнь куни «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6240-сон Фармони имзоланди.
Фармонга мувофиқ Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги негизида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилади. Агентлик техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳаларида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади. У ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли.
Ҳужжатга кўра, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бунда ушбу маҳсулотларни тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), етказиб берувчилар ва сотувчилар уларнинг техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади.
2021 йил 1 сентябрдан айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади. Баҳолаш синов натижаларига кўра тузиладиган синов баённомалари асосида мувофиқлик сертификати берилмаган ҳолда амалга оширилади.
2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:
- хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади;
- хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини (амал қилиш муддатидан қатъи назар) бир марта расмийлаштирган ҳолда 24 ой давомида импорт қилишга рухсат этилади;
- республикага олиб келинадиган маҳсулотларнинг техник регламентлар, стандартлар ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мувофиқлиги устидан назорат Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки унинг тузилмасидаги ваколатли ташкилот томонидан хавф-хатарлар таҳлили асосида амалга оширилади.
Қуйидагилар таъқиқланади:
- рўйхатга киритилган маҳсулотларни, рўйхатга олинган кундан бошлаб
6 ой муддатгача рўйхатдан чиқариш; - номувофиқ деб топилган тегишли маҳсулотни ишлаб чиқарувчи (унинг расмий вакили) томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, эркин муомалага чиқариш.
Ташкилот стандартлари тоифасига кирувчи стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан ташкилот стандартларини экспертизадан ўтказиш ишлари ҳақ олмасдан амалга оширилади.
Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (Президентнинг 18.08.2020 йилдаги ПФ–6042-сон Фармони билан тасдиқланган) Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси этиб қайта номланади. Унга ташқи савдони техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилди.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги жазо чоралари белгиланди:
а) юридик шахсларга: ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 50%дан 100%игача миқдорда молиявий жарима;
б) мансабдор шахсларга: ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – БҲМнинг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда маъмурий жарима.
Мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар эркин муомаладан чиқарилиши ва йўқ қилиниши лозим. Молиявий жариманинг тўланиши мазкур талабининг бажарилишидан озод этмайди.
22.06.2021
15:01