Тошкентда “Преференциялар бош тизими плюс (“GSP+”) доирасида Ўзбекистон ва ЕИ ўзаро ҳамкорлиги” семинари бўлиб ўтди
24 июнь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси билан биргаликда “Преференциялар бош тизими плюс (“GSP+”) доирасида Ўзбекистон ва ЕИ ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида семинар ўтказилди.
Семинар маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчиларнинг “GSP+” тизими имтиёзларининг афзалликлари ва Европа Иттифоқи мамлакатларига товарларни экспорт қилишда уларни самарали қўллаш механизмлари ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков (видеоконференция орқали) шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Б.Абидов, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат Палатаси раиси ўринбосари Ф.Усманов, ва бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар, қолаверса Европа Иттифоқи мамлакатларининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ҳам иштирок этишди.
Маълумки, 2021 йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг (ЕИ) барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус имтиёзлар тизими (“GSP+”) кучга кирди. Мамлакатимиз ушбу тизимга Преференциялар бош тизими доирасида бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинган эди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатларига географик жиҳатдан нисбатан яқинлигига қарамай, ўзаро савдо салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган бўлиб қолмоқда.
“GSP+” тизими Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида савдо ҳажмини ошириш учун қўшимча имкониятларни таклиф этади. Жумладан, 6 200 турдаги маҳсулотларни, хусусан, мато, кийим-кечак, пластмасса, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, сопол маҳсулотлари ва бошқа экспорт қилинадиган маҳсулотлар турларини етказиб беришда ўзбек экспортчилари учун божлар бекор қилинади.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг “GSP+” тизими бенефициари мақомига эга бўлиши ЕИ билан савдо қилиш борасидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Европа мамлакатлари бозорларига чиқишига кўмаклашишда муҳим қадам ҳисобланади. Шу билан бирга, бу инқироздан кейинги даврда иқтисодий фаолликни тиклаш жараёнида Ўзбекистон учун айниқса муҳим бўлган тадбиркорликни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётига инвестициялар жалб этишга сезиларли туртки беради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ўз нутқида Ўзбекистонга “GSP+” бенефициар мақоми берилиши Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги иқтисодий ва савдо муносабатларини диверсификация қилиш ва ривожлантиришга улкан ҳисса қўшишини, берилган имтиёзлар Ўзбекистоннинг барқарор ўсиши ва иқтисодий ривожланишини таъминлашда самарали восита бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Ҳукумат томонидан “GSP+” тизими имтиёзларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ва унинг бенефициар мақомини қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланганлиги билдирилди. Режа халқаро конвенцияларни самарали жорий этиш ва халқаро ташкилотлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилоти қўмиталари олдида мажбуриятларининг бажарилишини, Европа Иттифоқи билан яқин ҳамкорликда мажбуриятлар ижросининг мониторинги олиб борилишини, шунингдек, Европа Иттифоқи билан иқтисодиётнинг турли тармоқларида экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар рўйхатини ўз ичига олади. Ушбу чоралар қаторига, шунингдек, маҳсулотлар сифати Европа Иттифоқи талабларига жавоб бериши учун ишлаб чиқариш жараёнларига Европа стандартлари ва қоидаларини жорий этиш, ўзбек маҳсулотларини Европа бозорига илгари суриш бўйича маркетинг воситаларини ишлаб чиқиш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар яратувчи янги саноат қувватларини ташкил этишга Европа инвесторларини жалб қилиш чора-тадбирларини ўз ичига олади.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Ф.Усманов сўзга чиқиб, ҳозирда Европа билан кенг қамровли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга катта эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Шу ўринда Савдо-саноат палатаси томонидан июнь ойида маҳаллий экспортерлар ўртасида Европага GSP+ тизими бўйича экспорт фаолиятини амалга ошириш борасидаги режалари тўғрисида қисқача сўровнома ўтказилганлиги хақида маълум қилди.
Маълумот учун: Сўровномада жами 300 та тадбиркорлик субъектларининг фикрлари олиниб, улардан 121 таси ёки 41,4 фоизи GSP+ тизимидан хабардор эканликларини маълум қилишган.
Шунингдек, ялпи мажлисда Европа комиссиясининг Ижрочи вице-раиси ва Европа Иттифоқи савдо комиссари В.Домбровскис видеоконференция орқали мурожаат қилди ва Ўзбекистоннинг бенефициар мақомига эга бўлиши ўзбек корхоналари ва ишлаб чиқарувчиларига рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш, корхоналарни диверсификация қилиш ҳамда қўшилган қийматни оширишга инвестициялар киритиш учун кучли рағбат бўлиб хизмат қилишини ва натижада даромаднинг сезиларли ўсишига олиб келишини таъкидлади.
Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўналишлари ва меҳнат стандартлари соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳокама этилди.
Семинар якунида савол-жавоб сессияси ташкил этилиб, унда иштирокчилар томонидан “GSP+” преференцияларини қўллашдаги долзарб масалалари, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулотлар экспорт қилишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
25.06.2021
12:42