Ўзбекистон -Туркия бизнес форуми
Жорий йилнинг 28 июнь куни, Тошкент шаҳридаги “Hilton” меҳмонхонасида Ўзбекистон-Туркия бизнес форуми ташкил этилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов модераторлик вазифасини бажарди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари –Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Туркия Республикаси Вице-президенти Ф.Октай, Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши раиси (ДЭИК) Н.Олпак ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этишди.
Қолаверса ўзбек-турк бизнес форумида 30 яқин ўзбек ва 60 дан зиёд турк ишбилармонлар вакиллари иштирок этишди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, қолаверса икки мамлакатнинг тадбиркорларига янада кенг имконият яратган холда улар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларни мустахкамлаш масалалари муҳокамаси бўлди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари –Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков сўзга чиқиб Ўзбекистон ва Туркия мамлакатлари ўртасида олиб борилаётган хамкорлик ишлари икки давлат муносабатларининг янада ривожланишига янги туртки бераётганини таъкидлаб ўтди.
Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ўз нутқида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Туркиянинг Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEIK), Савдо палаталари ва товар биржалари Иттифоқи (TOBB), Мустақил саноатчилар ва ишбилармонлар уюшмаси каби ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлик олиб бораётганлигига алохида урғу берди.
Бунинг яққол натижаси сифатида юртимизда турк капитали иштирокида 1 576 та корхона, шундан 694 таси қўшма корхона, 882 таси эса 100% турк капитали иштирокидаги корхона фаолият олиб бораётганини келтирсак бўлади.
Тадбир давомида Туркия Республикаси Вице-президенти Ф.Октай сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шерикчилик, халқларимиз орасидаги асрлар давомидаги қардошлик алоқалари ҳамда турли соҳалардаги ҳамкорлигимиз тобора ривожланиб бораётганилигига аҳамият берди.
Бугунги Ўзбекистон – Туркия бизнес форумида икки давлат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга асосий пойдевор бўлишига ҳам эътибор қаратилди.
Бизнес-форум давомида хамкорлик йўналишларида қилинаётган ишлар, қолаверса Ўзбекистоннинг инвестицион салохияти тўғрисидаги тақдимот материаллар мехмонларга тақдим этилди.
Ўз тақдимотлари билан ўзбек тарафидан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси И. Хайдаров, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори С. Кариевлар иштирок этди.
Турк томонидан Туркия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши бошқарув раиси ўринбосари Э.Булут ҳамда “Дал Текник Макина” компанияси молиявий масалалар бўйича бош директори Д.Косе иштирок этдилар.
Тадбир сўнгида бугунги тадбирда иштирок этган Туркия хусусий сектор вакиллари Ўзбекистонда ҳамда Ўзбекистон бизнес вакиллари Туркияда ўз капитали иштирокидаги қўшма лойиҳаларни янада оширишга хиссаларини қўшиш истагини билдирдилар.
28.06.2021
17:14