Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 487 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш ҳамда қоракўлчилик ва пиллачиликни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори (ID-46879) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 1-банди учинчи хатбошига кўра, “Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси ва Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини бирлаштириш орқали Яйловлардан фойдаланувчилар уюшмасини (кейинги ўринларда – Уюшма) ташкил этиш” белгиланган.
Шунингдек, лойиҳанинг бошқа нормаларида ҳам Уюшмани ташкил этиш ва унинг фаолияти масалаларига оид нормалар белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, уюшма, хусусан “Қоракўлчилик” ҳамда Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмалари нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу Қонун 36-моддаси биринчи қисмига мувофиқ “Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади”.
Яъни, ушбу масалаларни норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгилаб қўйиш юқорида келтирилган Қонун талабларига зид келади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳадан Уюшма фаолиятига оид барча нормаларни чиқариб ташлаш лозим.
2. Лойиҳа 1-банди тўртинчи хатбошига кўра:
“Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси ва “Қоракўл” ҳудудий уюшмалари аъзолари ҳамда Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини ва унинг аъзоларининг:
қоракўлчилик кластерларини фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”.
Бунда, қоракўлчилик кластерларини фақат белгиланган ҳудудларда ташкил этилиши назарда тутилган.
Мазкур норма эса, амалиётда лойиҳада назарда тутилгандан бошқа кластерларни ташкил этишни чеклаб қўяди.
Ваҳолангки, кластерлар таъсисчилар томонидан исталган ҳудудда ташкил этилиши мумкин.
Хусусан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 26-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, товарлар ва хизматлар бозорларига кириши давлат органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан бирон-бир тарзда чекланишига йўл қўйилмайди.
Юқоридаги норма амалиётда тадбиркорлар ҳуқуқларини чеклаши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, мазкур нормани лойиҳадан чиқариб ташлаш зарур.
3. Лойиҳа 1-банди 5-7-хатбошиларига кўра:
“Белгилансинки:
Уюшма Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси ва Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Қўмита ва Уюшма фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан амалга оширилади”.
Мазкур Хулоса 1-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда мазкур нормаларни лойиҳадан чиқариб ташлаш лозим.
4. Лойиҳа 2-банди бешинчи хатбошига кўра, “Қўмита Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси прокуратура ва ички ишлар органлари билан бирга ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда каврак йиғиш билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чоралар кўриб боришни таъминласин”, - деб белгиланган.
Базкур бандда кўрсатилган ваколатли давлат органларининг амалдаги қонунчиликда бундай вазифа ва ваколатлари, уни амалга ошириш тартиби аниқ белгилаб берилган бўлиб, мазкур масалаларни ушбу лойиҳада қайта такрорлаш зарурати мавжуд эмас.
Шу боис, лойиҳадан мазкур хатбошини чиқариб ташлаш зарур.
5. Лойиҳа 3-банди бешинчи хатбошига кўра, “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали каврак хом ашёси (ТИФ ТН коди – 1301)ни олиб чиқишда 2022 йил 1 январдан эътиборан олиб чиқиладиган каврак хом ашёсининг ҳар бир килограмми учун 1 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади”, - деб белгиланган.
Бунда, каврак хом ашёсини экспорт қилишда йиғим жорий этилиши назарда тутилган.
Бироқ, мазкур йиғимнинг жорий этилиши асослари лойиҳа ижрочиси томонидан асослантирилмаган, таҳлилий материаллар келтирилмаган.
Лойиҳага тушунтириш хатида каврак хом ашёсини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш хамда экспорт қилиш мақсадида лойиҳада мазкур масалалар назарда тутилганлиги билдирилган.
Бироқ, каврак хом ашёсини қайта ишлашни ошириш учун юқоридаги каби хом ашёни экспорт қилишни чекловчи нормаларни эмас, балки қайта ишлашни рағбатлантиришни назарда тутувчи нормаларни белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 3-бандидан бешинчи хатбошини чиқариб ташлаш лозим.
6. Лойиҳа 3-банди олтинчи хатбошига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4539-сон қарорида назарда тутилган молиялаштириш тартиби, истисно тариқасида, қўлда жун йигириш, гилам ва кигиз тўқиш ҳамда қўй ва эчки териларидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар ва ташкилотларга нисбатан ҳам татбиқ этилади”, - деб белгиланган.
Бунда, юқоридаги Қарорда келтирилган имтиёзларни бошқа ташкилотларга ҳам бериш назарда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, мазкур имтиёзлар “Ҳунарманд” уюшмасига ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатнинг анъанавий турларини сақлаш ва қайта тиклаш, ҳунармандчилик маҳсулотларининг рақобатдошлигини ва сифатини ошириш бўйича тизимли ва мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳолини ҳунармандчилик фаолиятига кенг жалб этиш, ҳунармандчилик соҳасида бандликни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг жамоатчилик орасида оммалаштириш, ҳунармандчилик маҳсулотларини истеъмолчиларга сотиш, жумладан уларни экспорт қилишни рағбатлантириш учун қулай шарт-шароит ва зарур инфратузилмани яратиш мақсадида тақдим этилган.
Бунда, мавжуд ҳолатни таҳлил қилмасдан, бу каби нормаларни белгилаш амалда тескари натижаларни бериши, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари берилган имтиёзларнинг аҳамиятини йўққа чиқариши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 3-бандидан олтинчи хатбошини чиқариб ташлаш зарур.
7. Лойиҳа 10-бандига кўра, “Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Қўмита эгалигидаги яйлов ер майдонларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлансин”, - деб белгиланган.
Бунда, Қўмита эгалигидаги яйлов ерларни ижарага бериш бўйича яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши назарда тутилган.
Тъакидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сон Фармони қабул қилинган.
Ушбу Фармон 3-иловасида эса, яйловларни электрон онлайн-аукцион орқали, шу жумладан ер участкасининг бошланғич нархини 1 сўм миқдорида белгилаган ҳолда ижарага бериш назарда тутилган.
Кўринадики, юқоридаги бандда келтирилган масалалар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган бўлиб, бу бўйича алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш зарурияти йўқ.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳадан 10-бандни чиқариб ташлаш зарур.
8. Лойиҳа 11-бандига кўра, “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қўмита ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда республикада пилла етиштириш ҳажмларини ошириш мақсадида пахта ва ғалла ер майдонлари атрофида тут кўчатларини экиш бўйича аниқ таклиф киритсин”, - деб белгиланган.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу масала бўйича таклифлар ишлаб чиқилишида пахта ва ғалла ер майдонлари эгаларининг фикларини ўрганиш ва уни инобатга олиш лозим. Зеро, пахта ва ғалла ер майдонлари атрофида тут кўчатларини экиш улар фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.
9. Лойиҳа 12-банди 3-4 хатбошиларига кўра:
2021–2025 йилларда пиллачилик кластерлари жойлашган туманларда ушбу кластерлар томонидан тутзорларда ҳамда пахта ва ғалла ер майдонлари атрофида тут кўчатларини экиш прогноз параметрларини 2-иловага мувофиқ;
2021–2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда пахта ва ғалла ер майдонлари ва мелиоратив объектлар атрофида тут кўчатларини экиш прогноз параметрларини 3-иловага мувофиқ тасдиқлаш белгиланган.
Мазкур иловаларни пахта ва ғалла ер майдонлари эгаларининг фикларини нобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш, шунингдек, 2-иловада келтирилган тадбиркорлик субъектлари билан келишиш лозим.
10. Лойиҳа 13-банди 1-3-хатбошиларига кўра:
“Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
2-иловага мувофиқ экиладиган тут кўчатлари “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги пиллачилик кластерлари маблағлари ҳисобидан экилади;
3-иловага мувофиқ экиладиган тут кўчатлари фермер, деҳқон хўжаликлари, пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерларининг ҳамда ўрмон хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан экилади”.
Мазкур норма орқали тадбиркорлик субъектларига ортиқча молиявий мажбурият юкланмоқда.
Бу эса, улар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳада тут кўчатларини экишга давлат томонидан субсидия ажратилиши ёки бошқача шаклда молиявий ёрдам берилишини назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.
11. Лойиҳа 1-банди иккинчи хатбошида Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасини Ипакчилик саноатини ривожлантириш ва яйловлар самарадорлигини ошириш қўмитаси деб номлаш белгиланган.
Аммо, лойиҳа 1-иловасида ушбу Қўмита номи Пиллачилик, яйлов чорвачилиги ва кавракчилигини ривожлантириш қўмитаси деб келтирилган.
Кўринадики, бунда ўзаро номувофиқлик юзага келган. Бу эса, юридик нуқтаи назардан нотўғридир.
Шу боис, лойиҳада Қўмита номини бир хил шаклда келтириш лозим.
30.06.2021
14:53