Навоийлик тадбиркорнинг мурожаати юзасидан муносабат
Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Навоий шаҳри, Бунёдкор кўчаси 9/2-уйда истиқомат қилувчи “ZAMIRBEK POLVON” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Н.Мухаммадиеванинг ҳорижий корхона билан юзага келган муаммоли ҳолати юзасидан қилган мурожаати эълон қилинди.
Мазкур мурожаат ва юзага келган ҳолат юзасидан Савдо-саноат палатаси томонидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилди ва қуйидагилар аниқланди.
Савдо-саноат палатаси ўз ваколатларига мувофиқ экспорт ва импорт қилишга кўмаклашиш ҳамда инвестиция жалб қилишда амалий ёрдам кўрсатиш вазифасини бажаради. Хусусан, “ZAMIRBEK POLVON” МЧЖнинг мурожаатига асосан Палата ўз ваколати доирасида ташқи иқтисодий ҳамкорлик бўйича шартнома лойиҳасини тузилишида амалий ёрдам кўрсатган. Шартнома лойиҳаси намунавий бўлиб, томонлар ўзаро келишуви асосида ихтиёрий равишда имзоланиб, муҳрланади ва кучга киради. Бу жараёнда қонунга мувофиқ Савдо-саноат палатасининг аралашувига йўл қўйилмайди.
“ZAMIRBEK POLVON” МЧЖ ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Jiangsu Honggang Industries Co.Ltd” компанияси ўртасида 08.08.2018 йилда тузилган №RSE-080818-сонли шартнома имзоланган бўлиб (шартнома “ZAMIRBEK POLVON” МЧЖ вакили А.Мовлонов томонидан имзоланган), шартноманинг 3 бўлими 3.1, 3.2, 3.3, 3.4, 3.5- бандларида “тўлов шартлари” кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, шартномада кўрсатилган умумий сумманинг 40% яъни 124 000,00 (бир юз йигирма тўрт минг) АҚШ доллари олдиндан тўлов, иккинчи қисми яъни 60% 186 000,00 (бир юз саксон олти минг) АҚШ доллари ускунани импортёр корхонага етказиб бериш олдидан тўлаб берилиши кўрсатилган.
Тегишли бандлар юзасидан хар иккала томон мажбуриятларини бажарган, аммо мурожаатда “Zamirbek Polvon” МЧЖ раҳбари Н.Мухаммадиева томонидан ускунани ўрнатиб бериш 6(олти) ойга кечиктирилганлиги таъкидланиб, бу холат юзасидан тегишли далолатнома тузилмаганлиги аниқланди (ускунани ўрнатиб бериш борасида шартлар “Zamirbek Polvon” МЧЖ директори Хитой Халқ Республикасига импорт шартномасини имзолашдан олдин қилган ташрифи давомида “Jiangsu Honggang Industries Co.Ltd” компанияси масъул ходимлари билан ўзаро оғзаки тарзда келишиб олинганлиги, озғаки келишув ёзма тарзда шартнома шартларида кўрсатилмаганлигини ҳам инобатга олиш мақсадга мувофиқ).
Таъкидлаш лозимки шартнома шартлари томонларнинг ўзаро розилиги билан имзоланган. Шунда, Палата томонидан тузилган намунавий шартнома лойиҳасига томонлар ўзларининг қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларини киритиш имкониятига ҳам эга бўлишган.
Хитой компаниясининг маълум қилишича, мурожаатчи Н.Мухаммадиева раҳбарлигидаги Навоий шаҳрида фаолият юритиб келувчи “ZAMIRBEK POLVON” МЧЖ ҳамда “Jiangsu Honggang Industries Co.Ltd” компаниялари ўртасида “WUXI RISING MACHINERY Co., Ltd.” тузни қайта ишлаш технологияларини етказиб бериш бўйича имзоланган шартнома шартларига асосан барча ускуналар тўлиқ етказиб берилган.
Амммо, “ZAMIRBEK POLVON” МЧЖ томонидан Хитой компаниясининг 3 нафар мутахассиси учун бориш-келиш авиачипталари, кунлик тўланиши лозим бўлган иш ҳақлари ва қўшимча етказиб берилган эҳтиёт қисмлар учун тўланиши лозим бўлган 12,115 АҚШ доллари миқдоридаги қарздорлик суммаси тўлаб берилмаганлиги ҳорижий корхонага 20.09.2019 йилда юборилган қуйидаги мазмундаги ҳатда ҳам кўринади:
| Аввало, ишончингизни бой берганимиз учун жуда афсусдамиз ва бу ҳолат қайта такрорланмаслигига ваъда берамиз. Келажакда сиз билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Бу бизнинг саноат ва ишлаб чиқаришдаги биринчи лойиҳамиз, шунинг учун биз уни амалга оширишда жуда кўп хатоларга йўл қўйдик, айниқса сиз билан баъзи тушунмовчиликлар юзага келди. Хатони тузатиб, ишончингизни оқлашга умид қилган ҳолда, ушбу хатни ёзишга қарор қилдик.
Бугунги кунда сизнинг компаниянгиздан қарздорлик суммамиз 12.115 АҚШ долларни ташкил этади.
Ишингизни тугатганингиздан сўнг ушбу суммани тўлашга кафолат берамиз. Ўйлаймизки сиз бизни тўғри тушундингиз. Ускуналар ишга туширилгандан кейин 3 кун давомида пул ўтказмасини кафолатлаймиз.|
Хорижий компания вакили буюртмачи корхона томонидан мазкур қарздорлик суммаси 100% тўлаб бериш шарти билан қоплаб берилишини шунингдек қарздорлик тўлиқ қопланганидан сўнг Хитой компанияси мутахассислари навбатдаги чақируви учун хизмат хақи фақат олдиндан тўлаб берилганда амалга оширилишини ва COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашгандан сўнг махсус инженер ва мутахассислар юборилишини маълум қилган.
Баён этилганлардан кўриниб турибдики шартнома талаблари “ZAMIRBEK POLVON” МЧЖ томонидан ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаганлиги сабабли, хорижий компания томонидан ўз мажбуриятларини бажармаганлигига, яъни мутаҳассисларни юбормаганлигига олиб келган.
Мазкур ҳолатда Палата томонидан “Jiangsu Honggang Industries Co.Ltd” хорижий компанияси томонидан мутахассисларни юборилишига кўмаклашиш учун ҳуқуқий асослар мавжуд бўлмаган.
Савдо-саноат палатаси матбуот-хизмати
08.07.2021
17:29