Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 495 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (ID-47350) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
- Лойиҳа 2-моддаси 2-бандига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (кейинги ўринларда МЖтК)ни қуйидаги таҳрирдаги
991-модда билан тўлдириш назарда тутилган
Кўп квартирали уй-жойлардаги таянч ва тўсиқ конструкцияларини қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ёки реконструкция қилиш, шу жумладан кўп квартирали уй-жойларда ва уларга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан қўшимча қурилмалар қуриш ишларини амалга ошириш-
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан тегишли хизматлар кўрсатишда қонунчилик ва техник тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талабларини бузиш—
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан саксон баравари миқдоригача жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг саксон бараваридан юз баравари миқдоригача жарима солишга сабаб бўлади.
Кўп хонадонли уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудларни сақлаш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходимининг кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан техник фойдаланиш қоидаларининг ҳамда кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларининг бузилиш ҳолларини бартараф этиш, шунингдек кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан тегишли хизматлар кўрсатишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши тўғрисидаги бажарилиши шарт бўлган мажбурий кўрсатмаларини узрли сабабларсиз бажармаслик —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.
Бунда, янги жавобгарликни жорий этиш назарда тутилган.
Мазкур норманинг киритилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-5152-сон қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурининг 27-банди билан асослантирилган.
Бироқ, унда кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва кўп квартирали уйларни бошқариш фаолияти қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилган.
Яъни, юқоридаги нормада келтирилган масалалар бўйича жавобгарликни белгилаш мазкур Фармонда келтирилмаган.
Фармонда назарда тутилган жавобгарлик эса, лойиҳа 2-моддаси 4-банди билан МЖтКга 1592-моддани киритиш орқали назарда тутилган.
Бундан ташқари, юқоридаги норманинг 1-2-қисмларида назарда тутилган жавобгарлик МЖтКнинг амалдаги нормаларида белгиланган.
Хусусан, мазкур Кодекснинг 99-моддаси ва 159-моддаларида фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ўз ҳудудига туташ ва туташ бўлмаган ер майдонларида қурилиш ишларини амалга ошириш, турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, умум фойдаланадиган жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш учун жавобгарлик белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 2-моддасидан 2-бандни чиқариб ташлаш лозим.
- Лойиҳа 2-иловаси 4-бандига кўра, МЖтКни қуйидаги таҳрирдаги
1592-модда билан тўлдириш назарда тутилган
Кўп квартирали уй-жойларни бошқаришда кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқариш фаолияти қоидаларини бузиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан саксон баравари миқдоригача жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг саксон бараваридан юз баравари миқдоригача жарима солишга сабаб бўлади”.
Бунда, жарималар миқдорини жуда катта миқдорда белгилаш назарда тутилган.
Ваҳолангки, бундай жарима миқдори ҳуқуқбузарликлар келтириб чиқарадиган ижтимоий оқибатларга номутаносиб кўринади.
Шу боис, юқоридаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорларини кескин камайтириш мақсадга мувофиқдир.
12.07.2021
12:37