Тадбиркорлик субъектлари Савдо-саноат палатасининг ишончли ҳимоясида
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари Палата тўғрисидаги Қонун билан берилган ваколатлардан унумли фойдаланиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ташкилий ва амалий ишларни олиб боришмоқда. Бундай сайъи ҳаракатлар самарасини яқин кунларда тадбиркорга кўрсатилган амалий ёрдам мисолида кўришимиз мумкин.
Хоразм вилояти Урганч шаҳрида 2017 йилдан буён фаолият юритаётган “Хоразм беклари” МЧЖга Урганч шаҳар ҳокимининг 17.11.2017 йилдаги 2953қ-сонли қарори билан 28-сон маҳалла ҳудудидан кўп қаватли меҳмонхона қурилиши учун ер майдони ажратилган. Корхона “Ҳалқ банки”дан имтиёзли давр билан 120 ойга 5 млрд. сўм миқдорида кредит олиб, қурилиш ишларини амалга оширган.
2018 йил декабрь ойида деярли қурилиши битган 4 қаватли меҳмонхона биноси Урганч шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан тадбиркорни огоҳлантирмаган ҳолда бузиб ташланган. Бунинг оқибатида жамиятга 5 138 021 000 сўм миқдорида зарар етказилган.
“Хоразм беклари” МЧЖ қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Урганч туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилган, суд жараёнида тарафлар ўзаро келишувга келиб, Урганч шаҳар ҳокимлиги етказилган зарар эвазига жамиятга шаҳар ҳудудидан 3,5 гектар ер майдонини ажратиш мажбуриятини олган бўлсада, ҳозирги кунга қадар келишув битими бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган, тадбиркор ушбу масалада амалий ёрдам сўраб, турли давлат идораларига қилган мурожаатлари ижобий натижа бермаган.
Сўнгра, тадбиркор Палатанинг Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш бошқармасига мурожаат қилиб, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраган.
Бошқарма масъул ходимлари томонидан Хоразм вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда тадбирокр мурожаати атрофлича ўрганилиб, Урганч шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахслари томонидан суд қарорини ижро этиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланган ва айбдор мансабдор шахслар МЖтКнинг 1982-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган.
17.07.2021
14:59