Ўзбекистон ва Бенилюкс давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
Ўзбекистон ва Нидерландия, Бельгия, Дания, Люксембург давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни яна кенгайтириш мақсадида 2021 йил 6 август куни Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонаси консули А.Абдурашидов ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Экспортга кўмаклашиш бошқармаси масъул ходими Ғ.Усмонов ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг экспортбоп маҳсулотлари учун Бенилюкс давлатлари ва Дания бозорларига кириб боришларига қулай шарт-шароит яратиш, салоҳиятли хорижий харидорлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда ушбу давлатларда экспортни рағбатлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Жумладан, учрашувда Ўзбекистоннинг мева-сабзавот, текстиль, чарм-пойабзал, кабель-ўтказгичли, ҳунармандчилик маҳсулотларини Бенилюкс давлатлари ва Данияга етказиб беришда хорижий ҳамкорлар билан Ўзбекистон маҳсулотлари учун доимий фаолият кўрсатувчи шоу-румни ташкил этиш, Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ушбу давлатларда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” рукни остида кичик миллий кўргазмани ташкил этиш ҳамда мазкур тадбирларга салоҳиятли экспортерларни жалб этиш борасидаги масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Мулоқот якунида Бенилюкс давлатлари ва Данияда республикамиз экспортёрларини қўллаб-қувватлаш борасидаги сайъ-ҳаракатларни Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорликда олиб боришга келишиб олинди.
06.08.2021
14:32