Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 559 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, кўп квартирали уйни бошқариш органлари электрон реестри ва бошқарувчи ташкилотлар рейтингини юритиш тўғрисида”ги Қарори (ID-48178) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳа 1-иловаси 21-банди учинчи хатбошисига кўра:
“СС” ва ундан юқори рейтингга эга бўлган бошқарувчи ташкилотлар учун:
...
истисно тариқасида, давлат буюртмачилари билан белгиланган ҳудудда коммунал хизматлар кўрсатиш ва фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш бўйича танлов савдолари (тендер)ни ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади;
...”.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сон Фармони 27-банди билан вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш тақиқланган.
Шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи асосий ҳужжат бўлган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунда ҳам бундай тартиб назарда тутилмаган.
Бунда, Қонунда белгиланмаган бу каби тартибнинг қонуности ҳужжат бўлган Ҳукумат қарорида белгиланиши юқоридаги Қонундан четга чиқиш бўлиб, юридик жиҳатдан нотўғри ҳисобланади.
Шу сабабли, лойиҳа 1-иловаси 21-банди учинчи хатбошисини чиқариб ташлаш лозим.
2.Лойиҳа 1-иловаси 21-банди олтинчи хатбошисига кўра:
“СС” ва ундан юқори рейтингга эга бўлган бошқарувчи ташкилотлар учун:
...
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари иш жойлари ва техник базасини яратиш учун ер участкаларини (ариза юборилгандан кейин бир ой ичида), шу жумладан, турар-жойлар ҳудудидаги эркин ҳудудларда ажратадилар”.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони 2-бандига мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.
Яъни, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш ваколатлари тугатилган.
Шундан келиб чиқиб, лойиҳа 1-иловаси 21-банди олтинчи хатбошисини чиқариб ташлаш лозим.
3.Лойиҳа 1-иловаси билан Бошқарувчи ташкилотларни баҳолаш мезонлари тасдиқланмоқда.
Бунда, мезонлардан бири сифатида “Малакали ва сертификатга эга мутахассислар” белгиланган.
Бироқ, бошқарувчи ташкилотлар ходимлари айнан қандай турдаги сертификатларга эга бўлиши лозимлиги аниқлаштирилмаган.
Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ кўп квартирали уйларни бошқарувчи ташкилотлар фаолиятида ходимларнинг сертификатларга эга бўлиши талаб этилмайди.
Таклиф этилаётган таҳрир амалда ноаниқлик ва чалкашларга, айрим сертификатларни тан олиш, айримларини тан олмаслик шаклида суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларига шароит яратиб бериши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳа 1-иловаси билан тасдиқланаётган Бошқарувчи ташкилотларни баҳолаш мезонларининг 4-бандини (Малакали ва сертификатга эга мутахассислар) чиқариб ташлаш лозим.
4.Лойиҳа 2-иловаси билан кўп квартирали уйлардан ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларидан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш ишларининг бошланиши тўғрисида хабар бериш йўналиши бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламентини тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Бироқ, лойиҳани ишлаб чиқишга асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг2021 йил 19 июндаги ПҚ-5152-сон қарорида бундай тартибнинг белгиланиши кўрсатиб ўтилмаган.
Шу билан бирга, лойиҳа муаллифи томонидан ушбу янги тартибнинг жорий этилиши асослантирилмаган.
Шу сабабли, лойиҳа 2-иловасини чиқариб ташлаш лозим.
13.08.2021
17:34