Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 602 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 930-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қарори (ID-49129) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
Лойиҳага кўра, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 930-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Унда, қўриқланадиган объектлар рўйхатини кенгайтириш, хусусан
400 кишидан ортиқ сиғимли концерт, оммавий томоша ўтказиладиган саройлар ва заллар, хусусий таълим муассасалари, тунги клублар, тунги вақтда фаолият кўрсатувчи кўнгилочар масканлар, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш объектлари, атракционлар жойлашган маданият ва дам олиш парклари, спиртли ичимликларни қуйиб сотишга мўлжалланган объектлар, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар деҳқон (озиқ-овқат), ихтисослаштирилган ва буюм бозорларни ҳам ушбу рўйхатга киритиш белгиланган.
Бироқ, шуни инобатга олиш лозимки, бу каби хусусий мулк объектларини мажбурий тартибда Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхатига киритиш мақсадга мувофиқ эмас.
Ушбу объектлар қўриқланишидан биринчи навбатда, тадбиркорлик субъектларининг ўзи манфаатдор бўлиб, улар амалдаги қонунчиликка кўра, ихтиёрийлик асосида объектларни Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмаларига топширишлари мумкин.
Қолаверса, юқоридаги рўйхатнинг бу шаклда кенгайтирилиши асослантирилмаган. Лойиҳа ижрочиси томонидан асос сифатида келтирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги ПФ-5979м-сон Фармонида ҳам бундай масалалар назарда тутилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхатига юқорида келтирилган (тадбиркорлик субъектлари) объектларни киритиш мақсадга мувофиқ эмас.
14.09.2021
12:52