Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 610 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятида замонавий иссиқхона массивларини ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнларга тадбиркорлик субъектларини ва аҳолини кенг жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ID-49812) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
Лойиҳа 2-бандига кўра:
Белгилансинки:
иссиқхоналар ташкил этиш учун мўлжалланган ер майдонлари 2021-2023 йиллар мобайнида босқичма-босқич белгиланган тартибда “E-AUKSION” электрон савдо платформаси орқали очиқ танлов асосида ижарага берилади;
ер майдонлари очиқ танлов натижаларига кўра ташаббускорларга 30 йил муддатга ижарага берилади;
очиқ танлов асосида ижарага олинган ер майдонларидан фақат иссиқхоналар барпо этиш ҳамда унда қишлоқ хўжаликлари маҳсулотлари етиштириш мақсадида фойдаланилади, ушбу шартнинг бажарилмаслиги ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш учун асос бўлади;
очиқ танловга ер майдонлари деҳқон хўжаликлари ёки оилавий корхона ташкил этган ҳолда иссиқхоналар барпо этиш учун 0,5 - 1 гектар ўлчамларда чиқарилади;
ташаббускорлар учун ер майдонларини ижарага беришда иссиқхонлар ташкил этиш бўйича тайёр бизнес лойиҳани ҳам тақдим этиш, шунингдек лойиҳанинг жозибадорлигини ошириш мақсадида иссиқхоналар ташкил этиш учун мўлжалланган ер майдонлари Андижон вилояти ҳокимлиги заҳирасидан чиқарилмаган ҳолатда мулк ва ижара ҳуқуқисиз инвесторларга иссиқхоналар қуриб, ташаббускорларга сотиш учун берилишига рухсат берилади”.
Яъни, бунда Андижон вилоятида иссиқхоналар ташкил этиш учун очиқ танлов асосида ижарага ер берилиши белгиланмоқда.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони 2-бандига кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.
Яъни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ажратиш тартиби амалдаги қонунчиликда белгиланган бўлиб, Андижон вилояти учун алоҳида тартибни ўрнатиш ёки амалдаги тартибни такрорлаш нотўғри.
Шу боис, лойиҳадан ер беришга доир барча нормаларни чиқариб ташлаш лозим.
16.09.2021
09:57