Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 613 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Узумчиликка ихтисослашган маҳаллий ишлаб чиқарувчи кластерларга ва вино махсулотларини ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар ажратиш ҳақида”ги Қарори (ID-49265) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
лойиҳа билан узумчиликка ихтисослашган маҳаллий ишлаб чиқарувчи кластерларга ва вино махсулотларини ишлаб чиқарувчиларга субсидия беришнинг мураккаб, босқичма-босқич ва ҳаддан ташқари бюрократик тартиб-таомили белгиланмоқда.
Хусусан, субсидия олиш учун талабгор бир нечта органга ариза билан мурожаат қилиши назарда тутилган. Субсидия бериш тўғрисидаги хулосани қабул қилиш ваколати ҳам туман ишчи комиссиясига, ҳам иккита агентликка, шу билан бирга, жамғармалар кенгашларига берилмоқда.
Бироқ, таклиф этилаётган тартиб амалда ушбу енгиллик самарасини йўққа чиқариб, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишламаслигига сабаб бўлади.
Умуман олганда, бу каби мураккаб тартиб-таомиллар амалиётда суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларига шароит яратиб, тадбиркорлик субъектларини коррупциявий муносабатларга киришишга ундайди.
Бундан ташқари, субсидия бериш жараёнида шаффофликни таъминлаш ва суиистеъмоллик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида, субсидия бериш тартиб-таомилларини тўлиқ электрон шаклда амалга оширилишини белгилаб қўйиш тўғри бўлар эди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани субсидия бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда электрон амалга ошириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш лозим.
Қолаверса, субсидия олиш учун лойиҳада келтирилган ортиқча ҳужжатларнинг, хусусан, субсидия ажратилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида туман ишчи гуруҳининг далолатномаси, фитосанитария сертификати, апробация далолатномаси кабиларнинг талаб этилишини жорий қилишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини қайта кўриб чиқиш зарур.
21.09.2021
11:58