Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг давлат органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан ўзаро ҳамкорлик ҳамда Палата ҳузуридаги ҳакамлик судлари соҳаларида амалга оширилган ишлари тўғрисида
I. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида белгиланган шаклларда жамоатчилик назорати ташкил этилган ва бу борада қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Тадбиркорларнинг банклардан кредит олишдаги муаммолари ва коррупция ҳолатларини ўрганиш” мавзусида тадбиркорлик субъектлари ўртасида онлайн сўровнома ўтказилди ва натижалари таҳлил қилинди.
Ушбу сўровнома 10 минг нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилиб, шундан 1 474 нафар тадбиркор саволларга жавоб бериш орқали қўйилган масалаларга ўз муносабатини билдирган.
Мазкур сўровнома натижалари бугунги кундаги кредит ажратиш тизимининг ўта мураккаблиги, амалдаги кредит фоиз ставкаларининг юқорилиги ҳамда банкларда коррупция ҳолатлари ва бюрократик тўсиқлар мавжуд эканлигини кўрсатмоқда.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 ноябрдаги 920-сонли Қарори билан “Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Мазкур Низомга мувофиқ комиссия таркибига Савдо-саноат палатасининг ҳам масъул ходимлари бириктирилиши белгиланган бўлиб, Палата ходимлари ушбу жараёнларда бевосита иштирок этган.
Ўтказилган аттестацияларда назорат қилувчи органларнинг жами 417 нафар ходимлари суҳбатдан ўтказилди ва шулардан 357 нафарига махсус гувоҳнома берилган, 60 нафарига эса махсус гувоҳнома бериш рад этилган.
3. Бош прокуратура билан биргаликда “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини белгиловчи бошқа қонун ҳужжатларининг бажарилиши, шунингдек Марказий банк томонидан микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва кредит бюролари ташкил этган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш борасида Марказий банк фаолияти юзасидан жамоатчилик назорати тартибида текшириш ўтказилди. Ўрганиш натижаси бўйича аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, Бош прокуратура ва Марказий банкка юборилди.
4. Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман ҳамкорлигида Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши курашиш Хартияси ишлаб чиқилди.
Бизнеснинг коррупцияга қарши Хартияси – бу ишбилармон доира вакиллари томонидан ўз фаолиятида коррупцион амалиётни чеклашни жорий этишга қаратилган ҳужжат. Хартияга қўшилган тадбиркорлар ўзининг коррупцияга тоқатсизлигини тасдиқлайди.
Хусусан, Хартия хусусий секторда ички назоратни кучайтириш, давлат харидларида иштирок этиш жараёнида аҳлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини мижозлар ва давлат органлари билан муносабатларида қонунга итоат этиш руҳида тарбиялашни назарда тутувчи коррупцияга қарши махсус тартибларни тадбиқ этади.
Шу билан бирга, Хартия кичик ва ўрта бизнеснинг рақобатбардошлигини оширишга, бизнес юритишда коррупцияга қарши маданиятини шакллантириш орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.
II. Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунига асосан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида Палата тизимида Ҳакамлик судлари ташкил қилинган.
Ҳозирги кунда Палата ва унинг барча ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилган 15 та Ҳакамлик судлари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу Ҳакамлик судларининг судьялари рўйхатига 157 та юқори малакали мутахассислар киритилган.
Ҳисобот даврида ҳакамлик судларига умумий қиймати 2,5 трлн. сўм миқдорида 6 014 та даъво аризалари келиб тушган.
Даъво аризаларнинг 82 фоизи ёки 4 916 таси Ҳакамлик судлари томонидан мурожаатчи томонидан қаноатлантирилган.
Палата Ижроия қўмитасининг қарори билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш, Палата аъзолари ва ходимларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Палата Раиси томонидан тасдиқланган режа асосида ҳар ойда “Ҳакамлик суди куни” ўтказилмоқда.
Шунингдек, Палата ва унинг барча ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари судялари 100 дан ортиқ халқаро, республика ва ҳудудларда ўтказилган илмий-амалий тадбирларда, яъни конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва учрашувларда маърузалар билан иштирок этганлар.
20.10.2021
17:10