Мамлакатимиз ҳудудларида илмий-лойиҳа марказлари иш бошлади
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда «Ўзинвестлойиҳа» республика инжиниринг компанияси ҳамкорлигида ҳудудларда илмий-лойиҳа ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилди.
Мамлакатимиз азалдан ўзининг ажойиб таъми, экологик тозалиги билан ажралиб турадиган мева ва сабзавотлари, полиз маҳсулотлари билан машҳур. Экспертларнинг маълумотларига кўра, бизнинг иқлимимизда етиштирилган мева-сабзавотлар бебаҳо истеъмол хусусиятлари, яъни таркибида табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан бошқа давлатларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли равишда юқори туради.
Мустақил тараққиётимизнинг ўтган қисқа даврида амалга оширилган улкан ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини тубдан диверсификация қилиш ва аҳолимизни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, уларни катта миқдорда экспорт қилишни йўлга қўйиш имконини берди.
Ўзбекистоннинг кўплаб минтақалари қисқа муддатда жаҳон бозорларида харидоргир бўлган мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштирадиган ва экспорт қиладиган ҳудудларга айланди. Юртимизда юқори ҳосил берадиган интенсив боғлар ташкил қилинди, томчилатиб суғориш тизими жорий этилди.
Бу борада эришилаётган ютуқларни янада мустаҳкамлашда “Ўзинвестлойиҳа” инжиниринг компанияси қошида ташкил этилган илмий- лойиҳа ишлаб чиқариш марказларининг ўрни беқиёсдир. Улар, хусусан, ишлаб чиқарувчилар ҳамда қайта ишловчи корхоналарга экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича илғор жаҳон тажрибасини ўрганиш, халқаро ва хориждаги етакчи илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантиришда яқиндан кўмак беради. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортбоп, ҳосилдор навларини аниқлаш, бу навларни қайси ҳудудларда етиштириш, уруғ ва кўчатларни қаердан харид қилиш, кимёвий ўғит ва касалликка қарши дори воситаларидан қандай фойдаланиш борасида ҳам маслаҳатлар берилади.
– Биз тадбиркорларга мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишда хорижий бозорларда талаб этиладиган сертификат, лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлашни ҳам ўргатамиз, – дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик суъбектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи Марат Жўраев. – Мутахассисларимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини замонавий хорижий технологиялар асосида қайта ишлаш, уларни саралаш ва қадоқлаш бўйича маҳаллий тадбиркорларга тавсиялар бермоқда.
Ўзбекистон селекционерлари томонидан сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ, мева ва резавор экинлар, узумнинг 175 янги нави яратилган. Ўзбекистоннинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, тўрт фаслнинг изчил алмашинуви кенг турдаги юқори сифатли мева ва сабзавотларнинг асосий навларини етиштириш учун қулай имкониятлар яратади. Шунинг учун ҳам саховатли ўзбек заминида етиштириладиган мева ва сабзавотлар юқори нуфузга эга бўлган ҳақиқий брендга – товар белгисига айланиб, бу маҳсулотларни сотиб оладиган мамлакатларда улар юксак рақобатбардошлиги билан ажралиб туради.
Айни вақтда янги ташкил этилган илмий-лойиҳа ишлаб чиқариш марказларида хорижий бозорлар конъюнктурасини чуқур ўрганиш, талаб ва таклифни таҳлил қилиш натижасида маҳаллий мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти учун янги имкониятларни аниқлаш, хорижий бозорларни ўзлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Манба: УзА
07.09.2016
10:44