Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 676 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қарори (ID-48111) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
Лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 496-сон қарори билан тасдиқланган Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламентни қуйидаги тахрирдаги 26-банд билан тўлдириш таклиф қилинмоқда:
“Инспекция ва ҳудудий инспекциялар қурилиш объектларидаги аниқланган ҳолатлар юзасидан қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш бўйича расмийлаштирилган ёзма кўрсатма ижроси таъминланмаган тақдирда суд таргибида юридик ва жисмоний шахсларнинг мазкур қурилиш объекти бўйича очилган махсус банк ёки ғазна ҳисобрақамлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйишни талаб қилиш тўғрисида судларга аризалар киритади”.
Яъни, бунда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялари Инспекция томонидан тўхтатиб турилиши белгиланмоқда.
Бироқ, ушбу норманинг киритилиши, яъни мазкур ҳолатнинг банк операцияларини тўхтатиб туриш учун асос бўлиши, мазкур маъмурий таъсир чорасини қўллаш зарурати лойиҳа ижрочиси томонидан асослантирилмаган.
Ваҳолангки, Инспекцияда юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш учун етарлича маъмурий тартибга солиш механизми мавжуд.
Энг муҳими, ҳисоб рақамни ёпиш учун бундай янги асос бизнесга маъмурий босим ўтказишга шароит яратиб беради.
Амалиёт шуни кўрсатадики, маъмурий тартибда ёпилган ҳисобварақлар ойлар, йиллар мобайнида ёпиқ қолиб, аслида тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишга сабаб бўлади.
Шу боис, таклиф этилаётган қўшимчанинг киритилиши мақсадга мувофиқ эмас.
28.10.2021
09:33