«Менторлик ва унинг тадбиркорликдаги аҳамияти» мавзусида семинар бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлиги билан БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда савдони ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида «Ўзбекистон Республикасида тадбиркор аёллар ва ёшлар учун менторлик/устозлик» дастури асосида Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармасида «Менторлик ва унинг тадбиркорликдаги аҳамияти» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинарда палатанинг вилоят бошқармаси фаол тадбиркор аъзолари, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби вилоят филиалининг тингловчилари ва Ёшлар ишлари агентлигининг тадбиркорликка қизиқиши бўлган кўплаб ёшлар иштирок этди.
Семинарда бизнесни режалаштириш, ривожлантириш ва оптималлаштириш бўйича 23 йиллик маҳаллий ва халқаро тажрибага эга Дилшодбек Отабоев бизнес тренер сифатида қатнашди. Шунингдек Алишер Исломов ва Лола Раззоқова каби бизнес тренерлар семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Дастур доирасида Қашқадарё вилоятида 5 турдаги маҳсулотларни (мош, ёнғоқ ва қуритилган мевалар аралашмаси, қуритилган сабзавотлар, ерёнғоқ, мураббо ва мева пюреси) етиштириш ва уларни қайта ишлаш билан шуғулланадиган тажрибали тадбиркорларга, камроқ тажрибага эга тадбиркор аёллар ва ёшларни бириктириш ва улар учун менторлик/устоз-шогирд тамойили асосида амалга оширилди.
Учрашув ўзининг долзарб ва аҳамиятли мавзуси, шунингдек, қизғин музокараларга бой бўлгани билан барчада катта қизиқиш уйғотди.
«Ўзбекистон Республикасида тадбиркор аёллар ва ёшлар учун менторлик курслари» дастури доирасида қуриладиган қиймат занжирига эга бўлган қуритилган мева ва сабзавотлар, ерёнғоқ, ёнғоқ, дуккакли экинлар (мош,ловия) етиштириш ҳамда мураббо ва мева пюреларини ишлаб чиқариш жараёнларига «яшил технология» ларни жорий этиш орқали ва ҳудудларда экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш мақсадида, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида тадбиркор аёллар ва ёшлар иштирокида семинар ва тренинглар ўтказиш, ёш тадбиркорлар учун «Устоз-шогирд ментор-менти» дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилган.
«Устоз-шогирд» дастури бу бир марталик тадбир эмас, балки шогирд устоз ёрдамида аниқ ва реал натижаларига эришадиган узоқ муддатли жараёндир. Шу боис, лойиҳа қишлоқ аёлларини устозлик дастурлари орқали ўз бизнесини, ишлаб чиқариш ва савдо салоҳиятини кенгайтиришга кўмаклашишда давом этади. Ушбу топшириқ асосида, лойиҳа-маълум қўшимча қиймат занжирларида ишлайдиган, менторлик дастурларидан фойдаланадиган қишлоқ жойларидаги тадбиркор аёллар ва ёшлар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Дастур 4 босқичда амалга оширилади.
1-босқич – йўналтирувчи семинарлар ўтказиш ва дастур доирасида ишловчи устозлар/менторларини аниқлаш (2021 йил октябрь ойида)
2-босқич – тренерлар тайёрлаш тренинглар ўтказиш, уларда дастур доирасида ишловчи устозлар/менторларни малакасини ошириш (2021 йил ноябрь ойида)
3- босқич – ўқув тренинглари дастур доирасида ишловчи устоз-шогирд/ментор-ментиларни ҳамкорликдаги фаолияти кўникмаларни ривожлантириш тренинглар ва коучинглар ўтказиш (2021 йил ноябрь-декабрь ойларида)
4-босқич - дастур доирасида ишловчи устоз-шогирд/ментор-ментиларнинг бизнес ғояларини амалга оширишни қўллаб қувватлаш амалга оширилади (2022 йил февраль-март ойларида).
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг «Ўзбекистонда савдони ривожлантиришга кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси, Россия Федерацияси ҳукумати томонидан молиялаштиририлмоқда. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, агротадбиркорлик ва бошқа бандликка кўмаклашувчи ва потенциал яшил секторларда товар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш салоҳиятини оширишга халқаро тажрибани жорий этиш, бу мақсадга эришиш учун кўпроқ ҳисса қўшиш, иқтисодий, ижтимоий ва экологик барқарор ўсиш моделларини татбиқ этишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
04.11.2021
11:53