ИНВЕСТОРЛАРГА КЎЧМАС МУЛКНИ СОТИБ ОЛИШДА СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАШНИ КЕЧИКТИРИШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛАДИ
Президентнинг 02.11.2021 йилдаги “Маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан солиқларни тўлашни кечиктириш механизмларини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-5274-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга асосан 2022 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига умумий майдони 1000 кв. м дан ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритганда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган солиқларни тўлашни 6 ой муддатга кечиктириш ҳуқуқи берилади.
Қуйидагилар кечиктириш ҳуқуқидан фойдалана олишмайди:
- давлат улуши 50%дан юқори бўлган корхоналар,;
- ер қаъридан фойдаланувчилар;
- акциз ости маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар;
- солиқ қонунчилигини бузиш хавфи юқори бўлган солиқ тўловчилар гуруҳига киритилган тадбиркорлик субъектлари.
Кечиктирилган солиқлар суммаси давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкалари, бино ва иншоотлар қийматидан келиб чиқиб ҳисобланган солиқлар миқдорида белгиланади.
Солиқларни тўлашни кечиктириш ҳуқуқидан ер участкалари, бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 3 ой муддат ичида солиқ хизмати органларини хабардор қилган ва унинг тўланишини таъминлаш (гаров) талаб этилмаган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кечиктиришнинг амал қилиш муддати давлат солиқ хизмати органларига хабарнома юборилган кундан бошлаб ҳисобланади. Унинг тугаган санасидан бошлаб кечиктирилган солиқ суммаси ҳисобланган фоизлар билан бирга тенг улушларда бир йил давомида тўлаб берилади. Фоизлар солиқлар кечиктирилган санадан бошлаб МБ асосий ставкасининг 50%и миқдорида ҳисобланади.
Ер участкаси ва (ёки) бино ва иншоотлар кечиктириш муддати давомида реализация қилинган ёки ижарага берилган такдирда, ҳисобланган солиқлар суммаси тўлиқ миқдорда ундирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.11.2021 йилдан кучга кирди.
08.11.2021
10:46