Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан яна бир тадбиркорнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига унинг аъзоси “SAB TECHNO STROY” МЧЖ мурожаат қилиб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраган.
“SAB TECHNO STROY” МЧЖ мурожаати ўрганиб чиқилганда, жамият ва Тошкент давлат техника университети ўртасида хизмат кўрсатиш шартномаси имзоланганлиги, бироқ, университет томонидан шартнома бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаганлиги натижасида жамият олдида қарздорлик вужудга келганлиги аниқланди.
Ушбу қарздорликни ундириш юзасидан вужудга келган низоли масалани ўзаро тинч йўл билан ҳал этиш мақсадида, Палата томонидан тарафлар ўртасида судгача низони ҳал этиш жараёни ўтказилган. Бироқ, низони ўзаро келишиш орқали ҳал этиш имкони бўлмаганлиги сабабли, Палата томонидан ўз аъзоси манфаатида тегишли судга даъво аризаси билан мурожаат қилинган.
Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан иш мазмунан кўриб чиқилиб, Палатанинг даъво талабларини қаноатлантириш ва Тошкент давлат техника университети ҳисобидан жамият фойдасига қарздорлик суммасини ундириб бериш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ва, шу тариқа, Палата аъзосининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган.
19.11.2021
14:24