Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни шаффоф ва коррупциясиз ўтказиш тартиби мавзусида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
2021 йил 22 ноябрь куни Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ходимлари учун тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни шаффоф ва коррупциясиз ўтказиш тартиби мавзусида онлайн мулоқот шаклида вебинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Савдо-саноат палатасининг бош юрисконсульти Комолхон Абдурахимов Абдужалилович ўз маърузаси билан иштирок этиб, вебинар мавзуси бўйича инспекция ходимларига батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.
К.Абдирахимов ўз маърузасида тадбиркорлик фаолиятида бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганлиги, улар ҳал этилиши учун бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга таълим сифатини ошириш ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг кафолатини таъминлаш лозимлиги масаласига тўхталиб ўтди.
Хусусан:
биринчидан, давлат органларининг назорат-текширув функцияларини мақбуллаштириш, текширувлар тизимини такомиллаштириш, тадбиркорлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик;
иккинчидан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган давлат органларининг самарасиз ва ортиқча назорат функцияларини бекор қилиш;
учинчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг ташкилий жиҳатлари ва тартиб-таомилларини комплекс тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунийлиги мониторингини олиб бориш, назорат қилувчи органлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини холис баҳолаб бориш;
тўртинчидан, ўтказиладиган текширувларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва холислигини таъминловчи назорат қилувчи органлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати тизимини жорий этиш.
Вебинар давомида мавзуга оид берилган саволларга К.Абдирахимов томонидан атрофлича тушунтириш ва тавсиялар берилди.
23.11.2021
09:53